Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси вақтинча Львов шаҳрига кўчирилди

Ўзбекистон ТИВ расмий вакили мамлакатнинг Украинадаги элчихонаси вақтинча Львов шаҳрида жойлашганини маълум қилди.

11 нафар ўзбекистонлик Қозоғистондаги январь воқеаларида қатнашганликда гумонланмоқда

Қозоғистон бош прокуратураси хабар беришича, январь воқеалари бўйича очилган ишларга 11 нафар Ўзбекистон фуқароси жалб қилинган. Улар тартибсизликларда иштирок этиш ва ўғриликда гумонланмоқда.

Ўзбекистон ва Германия президентлари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар

Ўзбекистон ва Германия президентлари телефон орқали мулоқотда Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар. Улар вазиятнинг янада кескин тус олишига йўл қўймаслик ва можарони тез фурсатда тартибга солиш учун сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Мактабларда баҳорги таътил 21 мартдан бошланади

Ўзбекистон мактабларида 19 март учинчи чоракнинг сўнгги куни бўлади, тўртинчи чорак эса 28 мартдан бошланади. Ўқувчилар баҳорги таътил вақтида жами 8 кун дам олади.

Наврўз байрамида ички саёҳатлар учун чегирмалар эълон қилинди

Наврўз байрами муносабати билан 19 мартдан 23 мартга қадар фуқароларга авиа ва темир йўл чипталар, шунингдек зиёратгоҳларга кириш учун 10 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар берилади.

Маст ҳолда машина бошқарганлар 5 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин

Маст ҳолда машина ҳайдаганларни 5 йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилишни кўзда тутган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу қилмиш учун жарима миқдори ҳам оширилмоқда.

Шахснинг шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади

1 июнга қадар шахснинг шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилашга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик ҳамда яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Ҳимоя ордери муддати эса 1 йилгача узайтирилади.

Ўзбекистонда 3 йиллик IT-Visa жорий этилмоқда

1 апрелдан IT компаниялар таъсисчилари ва ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар учун 3 йиллик IT-Visa бериш режалаштирилмоқда. Ушбу виза эгалари Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Uzbekistan Airways бирор марта ҳам самолётда учмаган аёллар учун янги лойиҳа бошлади

Uzbekistan Airways «Темир дафтар»га киритилган аёллар учун «Илк парвозим» ижтимоий лойиҳаси бошланганини маълум қилди. Унинг доирасида шу вақтгача самолётда учмаган аёллар Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларига парвоз қиладилар.

Туркия Ўзбекистон ковид-сертификатларини тан олишни бошлади

Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари миллий даражадаги ковидга қарши эмланганлик сертификатларини тан олиш борасида келишувга эришди. Сертификатга эга фуқаролар давлатларнинг ҳудудига COVID-19 тарқалишининг олдини олишга қаратилган чекловларсиз кириши мумкин.

Давлат қарзининг бир қисми миллий валютадаги қарзга ўгирилди

ЕТТБ ва Ўзбекистон биринчи валюта своп келишувини амалга оширди. Бунинг натижасида 20 млн долларлик хорижий валютадаги давлат қарзининг бир қисми миллий валютадаги қарзга ўгирилди.

Uzcard фаолиятида қисқа муддатли носозлик юз берди

Мобил иловаларда Uzcard орқали тўловлар вақтинчалик ишламади. Компания бу эҳтимолий техник узилишларнинг олдини олиш учун олиб борилган ишлар билан боғлиқлигини маълум қилди.

Давлат органларидан тадбиркорларнинг қарийб 11,5 млрд сўм маблағлари суд орқали ундириб берилди — бизнес-омбудсман

изнес-омбудсманнинг маълум қилишича, тадбиркорлар ўзларига қонуний асосда тегишли бўлган маблағларни давлат органларидан суд орқали ундиришга мажбур бўлмоқда. 2021 йилнинг ўзида судлар томонидан давлат органлари ҳисобидан тадбиркорларга қарийб 11,5 млрд сўмлик қарздорлик ва 2,2 млрд сўмлик давлат божи ундириб берилган.

Айрим жойларда қисқа муддатли қор ёғиши кутилмоқда

Ҳафта давомида аксарият ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с, момақалдироқ пайтида эса 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.

Муттасил ёғингарчиликлар қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатади?

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда кузатилаётган муттасил ёғингарчиликларнинг бошоқли дон, чигит етиштиришга, боғ ва токзорларга таъсири қандай бўлиши ва кўриладиган чоралар ҳақида маълумот берди.

Прокурор ўринбосари Самарқанд туманига ҳоким бўлди

Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари бўлган Сирожиддин Усманов Самарқанд туманига ҳоким этиб тайинланди.

Нуробод туманига янги ҳоким тайинланди

Шерали Юлдашев Самарқанд вилоятининг Нуробод туманига ҳоким этиб тайинланди. Туманнинг аввалги раҳбари президент томонидан «фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун» ишдан олинган эди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Мен ҳар доим ҳеч қаерга кетишни хоҳламаслигимни айтардим». Россия фуқаролари — Ўзбекистонга кўчиб ўтиши ҳақида

«Газета.uz» Украинада уруш бошланганидан сўнг, Ўзбекистонга кўчиб ўтишга қарор қилган Россия фуқаролари билан суҳбатлашди. Улар Россияни нима сабабдан тарк этишгани, Тошкентда нима билан шуғулланаётганликлари, бу ерда қанақа муаммоларга дуч келаётгани ва қандай шартлар асосида уйга қайтиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб беришди.