Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятининг бир нечта амалдорларини ишдан бўшатиш бўйича тошпириқ берди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Биз ислоҳотлар қиляпмиз. Одамлар ҳаётини яхшилаш учун қарорлар чиқариляпти. Халқимиз олдида, халқаро ҳамжамият олдида очиқлик, эркинликни таъминлаш учун ҳаракатдамиз. Одамларни рози қилиш ҳақида гапириб турганимда раҳбарларнинг ўзини ўйлаб, нопок ишлар қилишига йўл қўймайман», — дея президент сўзларини келтирди блогер Азиза Қурбонова.

Йиғилишда президент вилоятдаги тиббий, ижтимоий муаммолар, банк-молия тизимидаги камомадлар, жиноятчиликка оид рақамлар ўсиб бораётганини кескин танқид қилганлиги айтилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда давлат раҳбари вилоятдаги секторлар ва тегишли мутасаддилар жуда суст ишлаётганини кўрсатиб ўтди.

Фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун Самарқанд тумани ҳокими (Н.Мавлонов), Нуробод тумани ҳокими (Ф.Заиров), Оқдарё тумани прокурори (Д.Кубаев), Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, Ургут ва Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари ҳамда вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқулов ишдан олинди.

Уларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган, шу жумладан коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилади.

Президент йиғилишда банкларда коррупция эвазига кредит бериш ҳолатлари кўплиги ҳамда қайтарилмаётган кредитлар ҳажми юқорилигини ҳам таъкидлаган. Миллий банк, Халқ банки ва Асака банкдаги ҳолатлар бўйича жиноий иш очиладиган бўлди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Марказий банкнинг Самарқанд вилояти Бош бошқармаси бошлиғи О.Тўхтаевни ишдан олиш бўйича топшириқ берди.