2021 йилда шартномавий қарздорликни ундиришга оид даъво аризалар бўйича давлат органларининг ҳисобидан деярли 11,5 млрд сўмлик асосий қарздорлик ва тахминан 2,2 млрд сўмлик давлат божи ундирилган. Бу ҳақда Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес омбудсман) матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, йил давомида бизнес-омбудсманга тадбиркорлардан келиб тушган шартномавий муносабатларга оид 360 та мурожаатнинг 210 таси шартномалар бўйича қарздорликни ундириш билан боғлиқ бўлган. Ҳудудлар кесимида бу борадаги мурожаатлар сони бўйича Тошкент шаҳри (90), Андижон (37) ва Жиззах (33) вилоятлари етакчилик қилган.

Бизнес-омбудсман томонидан ушбу ҳолатлар бўйича киритилган даъво аризалари натижасида судлар томонидан тадбиркорлар фойдасига давлат органларининг ҳисобидан деярли 11,5 миллиард сўмлик қарздорликни ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Масалан, Наманган вилоятида фаолият юритувчи «Future» МЧЖ (номи ўзгартирилган) хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича тўловларни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган. Унга кўра, жамият ва Давлатобод туман мактабгача таълим бўлими ўртасида аутсорсинг асосида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш тўғрисида шартнома тузилган. Унга мувофиқ, жамият томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилган бўлсада, кўрсатилган хизмат учун тўловлар амалга оширилмаган.

Шунга кўра, жамият манфаатида Наманган туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Давлатобод туман Мактабгача таълим бўлими ҳисобидан жамиятга 418 млн сўмлик қарздорликни ундириш белгиланган.

Бизнес-омбудсманнинг таъкидлашича, тадбиркорлар ўзларига қонуний асосда тегишли бўлган маблағларни давлат органларидан суд орқали ундиришга мажбур бўлмоқда. Аксарият ҳолларда судлар тадбиркорнинг тарафини олиши ва унинг фойдасига қарор қабул қилиши тенденцияси мавжуд.

Шу билан бирга, қарздор давлат органи нафақат қарздорликни, балки давлат божини ҳам тўлаши керак. «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, хўжалик судларига киритилган мулкий ҳусусиятга эга бўлган даъво аризалари бўйича давлат божи миқдори даъво баҳосининг 2% миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорини ташкил этади.