Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистоннинг Норин дарёсида амалга оширилаётган Қамбарота ГЭС-1 инвестиция лойиҳасини «Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга» деб атади. У бу ҳақда 2 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасидаги тақдимотда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, яшил электростанцияларни яратиш мамлакат олдидаги устувор вазифа ҳисобланади. Сўнгги йилларда 2 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 1,6 ГВт бўлган 9 та қуёш ва шамол электростанцияси тармоққа уланган. Бунинг натижасида 1,5 млрд кв/соат яшил энергия ишлаб чиқарилган.

«Айни вақтда хорижий ҳамкорларимиз билан 14 млрд долларлик 12 ГВт ли 31 та яшил генерация қувватлари барпо этилмоқда. 3 та қуёш электростанцияси доирасида 300 Мвт қувватлар тармоққа уланди. Жорий йил якунига қадар яна 2 ГВт дан ортиқ яшил энегрия қувватлари ишга туширилади. Натижада жорий йил якунига қадар яшил энергия қувватлари улушини ҳозирги 18 фоиздан 30 фоизга етказишимиз кутиляпти. Умуман, 2030 йилгача юртимизда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 40 фоизи яшил энергия ҳисобидан қопланиши режалаштирилмоқда», — деди Абдулла Арипов.

Унинг таъкидлашича, гидроэнергетика яшил энергиянинг муҳим йўналиши ва ажралмас қисми ҳисобланади.

«Бу йўналишда нафақат юртимизда, балки қардош қўшниларимиз билан ҳамкорликда умумий қиймати 3,4 млрд долларига тенг иккита йирик лойиҳани амалга оширишга бел боғладик. Биринчиси — Қирғизистон ва Қозоғистон билан биргаликда қиймати 2,9 млрд доллар бўлган 1860 Мвт қувватли Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз. Мазкур лойиҳа Қирғиз Республикаси ҳудудида — Норин дарёсида барпо этилиб, йилига 5,6 млрд кв/соат экологик тоза энергияни ишлаб чиқариш имконини беради. Бу лойиҳа Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эгадир. Бунда нафақат экологик тоза энегрия ишлаб чиқарилади, балки минтақадаги сув ресурсларини самарали бошқариш ва ундан оқилона фойдаланиш имконияти ҳам яратилади», — деди Ўзбекистон ҳукумати раҳбари.

Арипов Жаҳон банки ушбу лойиҳани амалга оширишни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлагани ва айни пайтда фаол иштирок этаётганини «қувонарли» деб атади ва банк ва унинг раҳбариятига минтақадаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ушбу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосномасини ишлаб чиқишга грант маблағларини ажратгани учун Ўзбекистон ҳукумати номидан миннатдорлик билдирди.

«Фурсатдан фойдаланиб, бошқа халқаро молия институтларини ҳам ушбу лойиҳада фаол иштирок этишга таклиф қиламиз», — дея қўшимча қилди бош вазир.

«Биз, ўз навбатида, қисқа муддатда уч томонлама ҳукуматлараро битимни имзолаб, амалий ишларни бошлаш учун қўшма корхона ташкил этиш ниятидамиз. Станция томонидан ишлаб чиқарилган яшил энергиянинг Қирғиз Республикаси эҳтиёжидан ортган қисмини Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан кафолатли сотиб олиш бўйича шартнома имзолаймиз», — дея маълум қилди Абдулла Арипов.

2 май куни, шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси — Президент администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаровни қабул қилди ва улар ҳам Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасининг амалий жиҳатларига эътибор қаратди.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича қўшма компания тузиши, унда Қирғизистон улуши 34 фоиз, Қозоғистонники 33 фоиз ва Ўзбекистонники 33 фоиз бўлиши ҳақида хабар бергандик. Ҳар бир томон компания таъсисчисини мустақил равишда белгилайди. Томонларнинг улушлари ўзгаришсиз қолади, уларни бирлаштириш, бошқага ўтказиш ва сотиш тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни имзолаганди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Самарқандда 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги музокаралар чоғида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратганди.

Ундан аввал ҳам «Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭС қурилиши» сармоявий лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги битим ва электр энергиясини ўзаро етказиб бериш бўйича протокол имзоланган.