Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб инвесторлар, IT компаниялар таъсисчилари ва ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун IT-Visa жорий этилади. Бу IT Park томонидан ишлаб чиқилиаётган низомда кўзда тутилган, дея хабар берди технопарк матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Низомга кўра, IT-Visa жисмоний шахсларга 3 йилгача амал қилиш муддати билан берилади. IT-Visa эгалари визанинг амал қилиш муддати давомида Ўзбекистонга эркин кириб-чиқишлари, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз қолишлари, Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Шунингдек, виза эгалари Ўзбекистонда яшаш учун рухсатномани соддалаштирилган тартибда, исталган қийматдаги турар жой кўчмас мулкини сотиб олишлари мумкин. Таъкидланишича, президентнинг 2019 йилдаги [5611-сон] қарорига кўра, хорижий фуқаролар камида 400 инг доллар эквивалентидаги кўчмас мулк сотиб харид қилиб, яшаш учун рухсат (вид на жительство) олишлари мумкин.

IT-Visa IT Park тавсиясига биноан берилади. IT-Visa'ни олиш шартлари Ўзбекистонда бўлиш мақсадига қараб фарқланади. IT Park тавсиясини олиш учун барча аризалар itvisa.uz сайти орқали қабул қилинади.

Потенциал инвесторлар шаклга мувофиқ режалаштирилган лойиҳалар бўйича маълумотларни тақдим этиши керак.

IT компаниялар таъсисчилари IT Park’да резидентлиги гувоҳномасини тақдим этиши зарур.

Ахборот технологиялар соҳасидаги мутахассислар эса охирги 12 ой учун камида 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги солиқ чегирмаларигача бўлган умумий йиллик даромад ҳақида тасдиқланган маълумотни тақдим этишлари керак.

IT Park тақдим этилган аризани кўриб чиққач, аризачига IT-Visa талабларига мувофиқлиги бўйича тавсиянома берилади. Қабул қилинган тавсиянома анкета ва паспорт билан бирга белгиланган тартибда Ўзбекистоннинг консуллик муассасаларига (агар ариза берувчи чет элда бўлса) ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойдаги ички ишлар органларига (агар мурожаат этувчи Ўзбекистон ҳудудида бўлса) тақдим этилади.

IT-Visa учун аризани кўриб чиқиш топширилган кундан бошлаб 3 иш кунидан кўп бўлмаган вақтни олади.

IT-Visa эгаларининг оила аъзолари учун меҳмон визаси IT-Visa амал қилиш муддатига қадар берилади.