Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Наврўз байрами муносабати билан 19−20−21−22−23 март кунлари йўловчи транспорти ва зиёратгоҳлар учун республика бўйлаб чегирмалар жорий қилинди. Мазкур қарор «аҳолининг дам олиш кунларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризм йўналишида саёҳатларга жалб қилиш мақсадида» қабул қилинди.

Унга кўра қуйидагиларга:

  • Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан республика аҳолиси учун ички қатновларга барча турдаги тарифларга 50 фоиз чегирма;
  • «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан республиканинг барча ички қатновлари учун:
  • нафақахўрлар, ногиронлар, 1941−1945 йил уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фуқаролар учун — 50 фоиз;
  • олий ўқув юртлари талабалари, мактаб ўқувчилари, коллеж ва лицей талабалари, ИИВ, МВ, ДХХ, ДСҚ ва ДБХ махсус таълим муассасалари талабалари учун — 15 фоиз;
  • оилалар (икки ва ундан ортиқ киши — эри ва рафиқаси, эр ёки рафиқаси ва 18 ёшгача бўлган фарзандлари, отаси ёки 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган она, никоҳ гувоҳномаси ва қариндошликни белгиловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилган ҳолда) учун — 15 фоиз;
  • коллектив (ҳамкасбларга) гуруҳдагилар учун — 15 фоиз;
  • «Афросиёб» тезюрар электропоездларида барча тоифадаги йўловчилар учун — 10 фоиз чегирмалар;
  • «Вақф» хайрия жамоат фонди тасарруфидаги пуллик кириш чипталари жорий қилинган зиёратгоҳларига катталар учун 20 фоиз ҳамда ёшлар учун 50 фоиз чегирмалар жорий қилинди.

Бундан ташқари, республика бўйлаб жойлашган музейлар, меҳмонхоналар ва овқатланиш шохобчалари томонидан ҳам ихтиёрий чегирмалар берилиши мумкин.