Uzbekistan Airways «Темир дафтар»га киритилган аёллар учун «Илк парвозим» ижтимоий лойиҳаси доирасида ижтимоий авиапарвозларни ташкиллаштиришни бошлади. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар қилди.

Ижтимоий парвозлар Самарқанд, Бухоро, Урганч каби шаҳарларга ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа диққатга сазовор жойлари бўйлаб амалга оширилади.

«Лойиҳанинг асосий мақсади — «Темир дафтар»га киритилган аёллар орзуларини рўёбга чиқариш. Лойиҳа аёлларга бир оз бўлсада ҳаётнинг кундалик муаммоларини унутиш ва ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун вақт ажратиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Танлаб олинганларнинг барчаси шу вақтгача самолётда учмаганини ва парвоз қилишни жуда орзу қилишини айтган.

Қундуз Усмонова. Фото: Uzbekistan Airways

«3 фарзандим бор. Хўжайиним ўтиб кетган. Уй-жой, бола-чақа, шароитимизни деб кўчага чиқмаганман. Самолётда учмаганман. Учишни жуда озу қиламан. Негаки, осмонларни кўрасиз, ҳамма нарсани унутасиз деб ўйлайман. Осмонга чиқиш бир пас бўлча ҳам одамга руҳ бағишлайди. Ҳар сафар кўрганимда шу самолётга чиққим келади», — дейди Қундуз Усмонова.

Наргиза Юсупалиева. Фото: Uzbekistan Airways

«Катта фарзандим — ўғлим 16 ёшда. Туғма ногирон. Самоётда учишни орзу қилардим. Самолётда учган одамларни кўрсам, ҳавасим келарди», — дейди бошқа бир иштирокчи Наргиза Юсупалиева.

Фарида Қодирова. Фото: Uzbekistan Airways

Аёллардан яна бири шундай дейди: «Самолётда учишни орзу қиламан ҳар доим. Осмондан [самолёт] ўтса: „Ана, самолёт, вертолёт. Бизни олиб кетинглар“, деймиз. Қаерга кетишимизни билмаймиз, лекин учишни орзу қиламиз».