Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларида маст ҳолда автомобиль ҳайдаганлик учун 5 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ бошлиғи Олимжон Саидов маълум қилди.

Дастлабки босқичда 8 та норматив ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, иккита қонун, битта президент қарори ҳамда тўртта Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳалари тайёрланмоқда. Биринчиси, бу — «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш ва ўлимлар ҳолатини кескин камайтириш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича транспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун 5 йил муддатга узайтирилиб белгиланмоқда», — деди Олимжон Саидов.

Шунингдек, мазкур қилмиш учун жарима миқдори БҲМнинг 50 бараваригача (13 млн 500 минг сўм) этиб белгиланмоқда (амалда — БҲМнинг 40 бараваригача).

«Маст ҳолда бўла туриб тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаш учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати қатъий 3 йил этиб белгиланмоқда. Амалда бир ярим йилдан 3 йилгача этиб белгиланган», — дея қўшимча қилди ЙХҲҲ раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги тартибша кўра, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил-у олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилинишига сабаб бўлади.