Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу президентнинг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида қайд этилган. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, ИИВ ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига 2022 йил 1 июнга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
  • чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистондан чиқариб юбориш ва Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик;
  • аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш;
  • икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев мазкур чора-тадбирлар ҳақида илк бор 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг ўзида 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада зўравонликка учраган. Шавкат Мирзиёев тазйиққа учраган аёллар ҳимояси суд томонидан таъминланиши, ҳимоя ордери эса бир йилгача муддатга берилишини маълум қилди.