14−17 март кунлари республика бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет. Кўпчилик вилоятларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 14−16 март кунлари баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида 14 мартда ва 16−17 март кунлари баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор), асосан бироз бўлади, дейилади хабарда.

Ҳафтанинг биринчи ярмида кундуз кунги ҳарорат +14…+17 даража илиқдан +8…+11 даражагача ўзгариб туради, чоршанба куни +16…+21 даражагача кўтарилади.

Жума куни Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмидан совуқ ҳаво массаси кириб келади. Республика бўйича ёмғир ёғади, айрим жойларда ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши эҳтимоли бор. Кундуз куни ҳаво ҳарорати +7…+10 даражагача пасаяди.

Ҳафта давомида республика бўйича баъзи жойларда шамол 17−22 м/с гача кучаяди, момақалдироқ пайтида шамол кучайиши 25−28 м/с гача етиши мумкин.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида эса ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида бўлади, 14−16 мартда баъзи жойларда кучли ёмғир ёки қор ёғиши мумкин. Ўзгидромет тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши, тоғларда қор кўчиши хавфи борлигидан огоҳлантирмоқда.