Қозоғистондаги январь воқеаларига оид жиноят ишларига 20 га яқин хорижликлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам жалб қилинган. Бу ҳақда Қозоғистон бош прокуратураси хабар берди.

«Оммавий тартибсизликлар бўйича ишларга 19 нафар хорижлик жалб қилинган. Шундан 11 нафари — Ўзбекистон, 4 нафари — Россия, 2 нафари — Қирғизистон, 1 нафари — Хитой, 1 нафари — Тожикистон фуқаролари», — дейилади хабарда.

Улар тартибсизларда қатнашганлик ҳамда ўғриликларда гумон қилинмоқда. Ҳозирда тергов жараёнлари давом этмоқда.

Аввалроқ, Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Эльвира Азимова оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганлар орасида тергов изоляторларида 18 нафар хориж фуқароси сақланаётгани, шундан 14 нафари Ўзбекистон фуқароси эканлигини қайд этганди.

14 март куни Қозоғистон Парламенти Мажлисининг ялпи мажлисида Қозоғистон бош прокурори январь воқеалари вақтида жами 230 киши ҳалок бўлгани, шундан 19 нафари ҳарбийлар эканини айтганди. Унинг сўзларига кўра, вафот этганларнинг энг кўпи Олмаота шаҳрига (139 киши) тўғри келмоқда. 20 нафар фуқаро эса тасодифан отишмалар оқибатида ҳалок бўлган. Тартибсизликларга Қозоғистон МХҚнинг собиқ раиси ва собиқ мудофаа вазири ҳам алоқадорлиги айтилди.

Ҳозирда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси давлат хиёнат қилиш, ҳокимиятни эгаллашга уриниш ва жуда катта миқдорда пора олиш бўйича 15 та жиноят иши юзасидан тергов олиб бормоқда.