Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президентлар халқаро кун тартибининг долзарб масалалари, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар. «Вазиятнинг янада кескин тус олишига йўл қўймаслик ва можарони тез фурсатда тартибга солиш учун сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини табриклаб, самимий истакларини билдирдилар. Икки томонлама алоқаларни ривожлантириш борасида биргаликда катта ишлар қилингани, ўзаро ишонч ва шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Етакчилар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги амалий ҳамкорлик ҳолати ва истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар, турли даражаларда мунтазам сиёсий мулоқот ва фаол алоқаларни давом эттириш муҳим эканини таъкидладилар.

Германиянинг етакчи компания ва банклари билан савдо, инвестициялар, юқори технологиялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Молиявий-техник кўмакни ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни, энг аввало, Ўзбекистонда немис тилини чуқурлаштирилган ўқитиш соҳасида кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Аввалроқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Украинадаги вазиятдан хавотирда ҳамда зўравонликни тўхтатиш ва барча муаммоларни сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилиш зарур, деб ҳисоблайди, дея маълум қилган эди. Шунингдек, у Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди ва Европа ҳамда Осиё ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келаётган Туркияни мисол сифатида келтирди.