Сент-Луисдаги (Миссури штати, АҚШ) Вашингтон университетининг энергетика, атроф-муҳит ва кимё технологиялари бўйича профессори Жей Тёрнер Тошкентга ташрифи доирасида АҚШ элчихонасида журналистлар билан учрашди. Элчихонада 2018 йилда атмосфера ҳавоси ифлосланишини кузатувчи мамлакатдаги биринчи автоматик монитор ўрнатилган эди. Олим турли датчиклардан олинган маълумотлар ўртасидаги тафовут сабабларини тушунтириб, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг эҳтимолий сабаблари ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ҳаво сифати билан боғлиқ муаммони жуда муҳим деб атади, чунки бу «барчамизга таъсир кўрсатади».

«Саноат ёки ҳукуматни соҳани тартибга солмаганликда айблаш осон, бироқ муаммо анча мураккаб. Бу деярли барча мамлакатлар тўқнаш келаётган муаммо. Ҳар бир мамлакат иқтисодий ривожланиш ва тоза ҳаво, тоза сув ва яхши яшаш шароитларига эга бўлиш истаги ўртасида мувозанат топишга мажбур. Тўғри мувозанатни топиш учун эса нафақат ҳукумат, балки аҳоли, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг ушбу масалаларга эътибор қаратишдаги роли ҳамда биргаликда ҳаракат қилиши муҳим аҳамиятга эга», — дея қайд этди у.

Жей Тёрнернинг тасдиқлашича, «биз кўпинча бу масалани ҳаддан ташқари соддалаштиришга уринамиз». «Биз [бу борада] аллақачон етарлича кўп биламиз… Муаммони ҳал қилишнинг калити — бу илм-фан. Ҳаво сифатининг илм-фанга асосланган ўлчовлари тўғри мувозанатга эришишга ёрдам бера олади», дея таъкидлади у.

АҚШ элчихонасига ўрнатилган монитор қандай ишлайди?

АҚШ элчихонаси 2018 йилда ҳаво сифатини ўлчашга мўлжалланган монитор ўрнатди. Ўша вақтда бу Ўзбекистонда маълумотлари реал вақт режимида очиқ эълон қилинадиган ягона шундай қурилма эди. АҚШ Давлат департаменти мамлакатнинг бошқа давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари учун айнан бир турдаги қурилмалар сотиб олади.

Монитор ҳаво сифатига оид маълумотларни ҳар соатда кўрсатиб туради. Даставвал 53 дақиқа давомида диаметри 2,5 микрондан (PM2.5) кичик бўлган майда асосга эга заррачалар намуналари ва бошқа маълумотлар тўпланади. Шундан кейин монитор уларни 7 дақиқа давомида таҳлил қилади ва натижани серверга узатади.

ақш, жей тёрнер, ҳаво ифлосланиши, ҳаво сифати, ақш элчихонаси, жонатан хеник, жонатан ҳеник

Маълумотлар автоматик равишда ҳукуматнинг ҳаво ҳолати тўғрисида расмий ахборот бериб турувчи AirNow веб-саҳифасида (АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги томонидан юритилади) эълон қилинади. Қурилма маълумотларни манипуляция қилиш имкониятидан ҳоли, дея таъкидлайди Жей Тёрнер. Инсон аралашуви талаб қилинадиган ягона вазият — мониторга даврий техник хизмат кўрсатишдир.

Профессор Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳаво сифатини мониторинг қилувчи, АҚШ мониторлари сингари ҳар соатда маълумотларни тақдим этувчи станциялар тармоғи кенгайтирилганини маъқуллади.

Ҳаво сифати индекси ҳаммада бир хил эмас

«Газета.uz» журналистининг маълумотларни йиғиш методологияси ҳақидаги саволига жавобан Жей Тёрнер АҚШ элчихонаси ҳудудидаги монитор ўрнатилган мониторинг протоколи асосида ишлашини маълум қилди.

«Ўзгидромет ҳам худди шундай [протокол асосида] қиляпти, деб ўйлайман. Агар протоколга риоя қилинса, датчиклар — ёнма-ён ўрнатилган тақдирда — деярли бир хил кўрсаткичларни қайд этиши керак», — дея таъкидлади у.

Жей Тёрнернинг таъкидлашича, датчиклар маълумотларини таққослашда ҳаво сифати индексини (Air Qualty Index, AQI) эмас, балки ҳар бир кубометр учун микрограммлардаги майда асосга эга заррачалар концентрациясини ҳисобга олиш лозим.

«Барча қурилмалар учун концентрация бир хил бўлиши керак, лекин Америка AQI бир усул билан, Ўзбекистон AQI бошқа бир усул билан ҳисобланади. [Сўнгги вақтларда оммалашган Швейцария веб-сайти] IQAir ҳам AQIʼни ўз усулида ҳисоблайди. Бу шунга олиб келадики, жамоатчилик турли рақамларнинг гувоҳи бўлади», — дейди профессор.

ақш, жей тёрнер, ҳаво ифлосланиши, ҳаво сифати, ақш элчихонаси, жонатан хеник, жонатан ҳеник

«Мана шунинг учун ҳам бу жуда чалкаш. AQI — бу кунлик ўртача кўрсаткич, лекин ҳамма буни соатлик деб ҳисоблайди. АҚШ ҳукуматининг ёндашуви ҳар соатда ўтган саккиз соатлик маълумотларга асосланган AQI маълумотларини нашр этишдан назарда тутади. Бу бизга ўсиш ёки пасайиш тенденцияси мавжудлигини тушуниш имконини беради. IQAir ҳам АҚШ шкаласидан фойдаланади, лекин ўтган саккиз соатнинг ўртача кўрсаткичи ўрнига муайян вақтдаги аниқ қийматга асосланади», — деб тушунтиради олим.

Шундай экан, нима учун турли мониторлардаги маълумотлар бир-бирига мос келмаслиги ҳақида савол туғилганда, «ҳаво сифати индекси эмас, балки концентрация ҳақида гап кетаётганига ишонч ҳосил қилинг. Шунда ҳақиқатда таққослай оласиз», дейди Жей Тёрнер.

ақш, жей тёрнер, ҳаво ифлосланиши, ҳаво сифати, ақш элчихонаси, жонатан хеник, жонатан ҳеник

Профессор, шунингдек, кўплаб омилларга боғлиқ бўлган датчикларнинг мансублик зонаси каби кўрсаткичга эътибор қаратди. У яшайдиган Сент-Луисда туманлар кесимида ҳаво ифлосланишидаги фарқ ўртача ҳисобда бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилади. «Шундай қилиб, битта датчик бутун шаҳардаги вазиятни акс эттира олади», дейди у.

Мисол учун, Бишкекда ўртача йиллик PM2.5 кўрсаткичи 400 фоизга фарқ қилиши мумкин, яъни датчиклар фақатгина кичик ҳудуддаги вазиятни акс эттириши мумкин. Тошкентда ҳам турли ҳудудлардаги вазият ҳар хил ва АҚШ элчихонаси ҳудудидаги битта датчикка асосланиб, бутун шаҳардаги ҳаво сифатини баҳолаб бўлмайди.

Жей Тёрнер АҚШ Давлат департаменти Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Дьюк университети (АҚШ) қўшма лойиҳасини молиялаштирганини маълум қилди. Лойиҳа доирасида бутун Тошкент бўйлаб қиммат бўлмаган сенсорлар ўрнатилади, улар бутун шаҳар бўйлаб ҳаво ифлосланиши даражасидаги фарқни аниқлаш ҳамда АҚШ элчихонаси ва Ўзгидромет станцияларидаги мониторнинг мансублик зоналарини аниқлашга ёрдам беради. Ушбу мониторларнинг аксарияти аллақачон ўрнатилган.

Ифлосланиш манбаларини аниқ кўрсатиш учун маълумотлар етарли эмас

Мавжуд маълумотлар ҳозирча ҳаво ифлосланишининг аниқ манбаларига ишора қилмайди, дейди Жей Тёрнер. «Бироқ, аминманки, бу масала Экология вазирлиги учун устувор вазифа, у яқин келажакда турли хил ифлосланиш манбаларининг ҳаво ифлосланиши муаммосига қўшган ҳиссасини белгилаши лозим», — дейди у.

Тошкентликлар қиш кунларида ҳаво сифати ёмонлашганлигига эътибор қаратишди. «Йилнинг бу фаслидаги чиқиндилар бошқа вақтлардаги чиқиндилардан фарқ қилади, лекин об-ҳаво ҳам фарқ қилади — қишда ҳаво турғун бўлиб, ифлослантирувчи моддаларни тутиб турадиган даврлар кузатилади», — дейди олим.

«Яқинда Бишкекда олиб борган ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, [юқори даражадаги ифлосланиш] аҳолининг уйларида кўмир ёқилиши билан боғлиқ. Бу ерда вазият бошқача», — дея қўшимча қилади олим.

«Бу ерда чўл чанги бор. Айниқса, ёзда ва эрта куз вақти. Биз изланишлар олиб бордик ва [чўл чангининг] PM2,5 даги улуши тахминан 25−35 фоизни ташкил қилади, деб ҳисоблаймиз. Яъни, бу чанг Тошкентда ҳукмронлик қилмайди. Антропоген ҳисса устунлик қилади», — дея таъкидлади у.

ақш, жей тёрнер, ҳаво ифлосланиши, ҳаво сифати, ақш элчихонаси, жонатан хеник, жонатан ҳеник

Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг, одатда жорий ҳаво ифлосланишини таққослашда асос қилиб олинадиган, тавсияларига жавоб бера оладими? «Жавоб, чўл чанги туфайли „йўқ“ бўлиши мумкин», дейди Жей Тёрнер. Ушбу мувофиқликка эришиш учун чанг омилидан халос бўлиш лозим. Илмий ёндашув буни амалга ошириш имконини беради, бу борада АҚШ ва Европада қабул қилинган меъёрлар мавжуд.

Ўзбекистон ҳаво сифатини ўлчаш бўйича ўз стандартларини ишлаб чиқишда миллий хусусиятлар билан бир қаторда, ҳудудий ўзига хосликларни ҳам ҳисобга олиши керак. «Тошкент ва Хива учун ифлосланиш манбалари жуда ўхшаш бўлиши мумкин, бироқ улар фарқ қилиши ҳам мумкин. Бунинг учун изланишлар олиб бориш талаб этилади», — дея қайд этди у.

АҚШ географик ва иқлим жиҳатдан хилма-хил бўлганлиги сабабли, ҳаво сифати бўйича миллий талаблар ва турли шаҳарлар учун қўшимча талаблар мавжуд, деб тушунтиради олим.

У, шунингдек, ҳаво сифати ҳақидаги барча тарихий маълумотларнинг оммага очиқ бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

Жей Тёрнер — Сент-Луисдаги Жеймс Мак-Келви номидаги Вашингтон университетида таълим масалалари бўйича декан муовини ва муҳандислик бўлими профессори. Университетда у, шунингдек, энергия, атроф-муҳит ва кимё технологиялари бўйича профессор. Унинг тадқиқотлари, биринчи навбатда, ҳаво сифатини режалаштириш ва бошқариш учун зарур бўлган техник таҳлилларга, намуна олувчининг самарадорлигини ва мониторингни баҳолаш, шунингдек, ҳаво ифлосланишининг одамларга таъсирини миқдорий баҳолашга қаратилган дала тадқиқотларига бағишланган. Унинг ҳозирги фаолияти Сент-Луис (АҚШ), Луисвилл (АҚШ), Жанубий Африка ва Мўғулистондаги лойиҳаларни ўз ичига олади. Жей Тёрнер, шунингдек, Ҳарвард университети ташриф буюрувчи илмий ходими ва АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг Илмий маслаҳат кенгаши аъзоси сифатида фаолият олиб боради. Жей Тёрнер Лос-Анжелесдаги Калифорния университетида бакалавр ва магистр даражаларини (1987), Вашингтон университетида докторлик (1993) даражасини олган.