Президент Қорақалпоғистонга жўнаб кетди

Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга жўнаб кетди, бу сафар унинг ташрифи 3 кун давом этади. Биринчи рақамли борт эса илк бор Тошкентдан Мўйноққа қўнади.

Тошкентдан Қорақалпоғистонга бориб ишлаган шифокорлар маошига 100 фоиз устама тўланади

Шавкат Мирзиёев 30 йилдан сўнг фаолияти тикланган Мўйноқ аэропортига қўнди. Фаоллар билан суҳбатда президент ҳафтада икки марта Тошкент-Мўйноқ-Нукус йўналишида парвозлар йўлга қўйилишини айтди. Қолаверса, Тошкентдан Қорақалпоғистонга бориб ишлаган шифокорлар маошига 100 фоиз устама тўланишини маълум қилинди.

«Буни энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз». Президент бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш ҳақида

Шавкат Мирзиёевнинг Мўйноқ фаоллари билан суҳбати давомида Қорақалпоғистондаги мактабларнинг 142 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат берилаётгани маълум қилинди. «Буни энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Ҳали юқори синф ўқувчиларига жорий этамиз», — деди у. Қолаверса, давлат раҳбари болаларни боғчаларга 2 ёшдан қабул қилишни йўлга қўйиш нияти борлигини, бунинг учун эса мамлакат иқтисодиёти янада мустаҳкамланиши кераклигини айтди.

1 мартдан Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинади

Чоршанба куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 1 мартдан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинди. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди бош вазир Абдулла Арипов. Қолаверса, жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади.

Коронавирусга қарши бустер доза олмаган ходимлар ишдан четлаштирилади

Махсус комиссия иш берувчилар коронавирусга қарши вакцина ва бустер доза олган ишчилари қамровини камида 90 фоизга етказиши кераклигини белгилади. Вакцина ва бустер доза олмаган ходимлар вақтинчалик ишдан четлаштирилади.

Ўзбек олимлари электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилмани яратиш устида иш олиб бормоқда

Ўзбек олимлари маҳаллий иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда энергия сақлаш тизимига эга қуёш фотоэлектр тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу тизим электромобилларни юқори тезликда қувватлаш қурилмасини ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистонликларнинг санкция остидаги Россия банкларига пул ўтказмалари музлатилиши мумкин

Буюк Британия томонидан Россиянинг бешта банкига нисбатан санкциялар қўлланилиши муносабати билан, ушбу банкларда рўйхатдан ўтган ҳисоб рақамларига ўтказилган ҳар қандай маблағлар қайтарилиши ёки музлатилиши мумкин. InfinBank матбуот котибининг маълум қилишича, ушбу ҳолат бўйича аниқ маълумотлар ёки аниқ сценарийлар йўқ. «Банк ўз мижозларини ушбу ҳолат бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришга қарор қилган», — деди у.

«Термиз — Мозори-Шариф — Қобул — Пешовар» транс-афғон темир йўлини қуриш ишлари тезлаштирилади

Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Қобулда «Толибон» раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Унда Афғонистон орқали ўтаётган транспорт воситалари ва юклар ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқишга келишилган. Афғон томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

МО ва ЕИ махсус вакиллари Тошкентда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар

Афғонистонда инклюзив сиёсий жараённи қўллаб-қувватлаш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари конференцияси якуний баёнотида айтилади.

Марказий Осиё давлатлари ва ЕИ Афғонистон ҳокимиятини тан олиш бўйича биргаликда қарор қилади — Исматулла Иргашев

Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи Афғонистон муаммосига, хусусан, мамлакатнинг муваққат ҳукуматини тан олиш бўйича умумий ёндашув бўлишига келишиб олди, деди Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Иргашев. Аммо ҳозирча бу борада ҳеч қандай қарор йўқ.

ОТБ Ўзбекистонда автомобиль йўлларини таъмирлаш учун $273,8 млн ажратади

ОТБ Ўзбекистонда автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва янгилаш учун 273,8 млн доллар кредит ажратишни маъқуллади. Маблағлар Сурхондарёдаги Дарбанд — Денов йўлининг 106 кмни янгилаш, ЦАРЭС-2 коридорига кирувчи Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу йўлининг 87 кмни реконструкция қилишга сарфланади. Қолаверса, банк тадбиркор аёллар учун 150 минг долларлик грант ҳам беради.

Хўжанддан Қўқон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилди

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилди. Хўжанддан автобус эрталаб соат 8:00 да йўлга чиқади, соат 17:00 да эса Қўқондан ҳаракатланади. Қатнов душанбадан ташқари ҳар куни амалга оширилади.

«Ўзавтосаноат» раиси Ўзбекистон гимнастика федерациясига ҳам раҳбар бўлди

«Ўзавтосаноат» АЖ компанияси бошқарув раиси Шавкат Умурзоқов энди Ўзбекистон гимнастика федерациясига ҳам раҳбарлик қилади. У федерация йиғилишида ўзбек гимнастикаси эски анъаналарини қайта тиклашини маълум қилди.

Икки ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистонига киритилмади

Мадина аэропортида Умра зиёратига келган икки нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга киритилмади. Уларнинг 2019 йилда Қирғизистон қалбаки паспорти билан Умра сафарига бориб келгани аниқланган. Ҳозирда фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Сурхондарёда фуқаро Тожикистондан Ўзбекистонга 5,5 кг «опий»ни олиб ўтгани айтилмоқда

ДХХ Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Наманган вилоятларида 6,4 кг гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, 2160 флаконда «Тропикамид» дориси айланмасини тўхтатиб қолди. Сурхондарёдаги ҳолатда фуқаро Тожикистондан Ўзбекистонга 5,5 кг «опий» моддасини чегарани ноқонуний кесиб, олиб ўтганида ушлангани айтилмоқда. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.

Сешанба куни 138 кишида ковид аниқланди

Сешанба куни Ўзбекистонда 138 кишининг коронавирусга топширган ПЗР-тести мусбат натижани қайд этди. Бу 5 январдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич.

Фарғонада 30 нафар талабанинг ўқишини четдан кўчириб беришни ваъда қилган шахслар ушланди

Фарғона вилоятида тўрт нафар шахс Қирғизистонда таҳсил олаётган 30 нафар талабага ўқишини Ўзбекистонга кўчириб беришга ваъда берган. Улар ўз хизмати учун 67 минг доллар олаётганида ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинган.

28 та фаолият тури махсус электрон тизим орқали лицензияланади

Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш, туризм, хусусий бандлик агентликлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар чакана савдоси каби хизматларни кўрсатиш учун 28 та фаолият турини лицензиялаш учун «Лицензия» ахборот тизими ишга туширилди. Ушбу тизим дам олиш кунларисиз, ҳар куни 24 соат ишлайди. Лицензия беришни рад этиш асослари ҳам маълум қилинди.

«Чилонзор» метро бекатида жамоат ҳожатхонаси очилади

Тошкент метрополитени бекатларида илк маротаба она ва бола хонаси ҳамда жамоат ҳожатхонаси фойдаланишга топширилди. Биринчи ана шундай ҳожатхона 23 февраль куни 15:00 да очилди.

Бобоси билан эскалатордан қулаб тушган 3 ёшли боланинг аҳволи яхшиланяпти — ССВ

ССВ Навоийдаги савдо мажмуасида 5 ва 4 қават оралиғидаги эскалатордан бобоси билан қулаб тушган 3 ёшли боланинг умумий ҳолати яхшиланиб бораётганини маълум қилди. Стандарт бўйича муолажалар давом эттириляпти. У яқин кунларда реанимациядан болалар бўлимига ўтказилиши режалаштирилган.

Қоракўл туманида ўзаро жанжаллашаётган аёллардан бири машинасига ўтириб, иккинчисини босиб кетди

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ўзаро жанжаллашаётган аёллардан бири Spark машинасига ўтириб, иккинчисини босиб кетди. Туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

1 мартдан цемент, клинкер ва қурилиш ойналари экспортига чекловлар бекор қилинди

1 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча юридик шахсларга цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини тўғридан-тўғри шартномалар асосида чекловларсиз (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилди. Шунингдек, компанияларга қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача компенсация тўланади.

Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» тарафдорлигида гумонланаётган бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинди

Самарқанд вилоятида «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти ғоялари акс этган материалларни тарқатганликда гумонланган 9 нафар фуқаро ушланди. Улар Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда.