Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ИИБ билан ҳамкорликда «Ҳизб ут-Таҳрир» тарафдорлигида гумонланаётган фуқароларни қўлга олди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, ушланганлардан бири — А.О. саккиз нафар фуқаро билан бирга ижтимоий тармоқларда виртуал доира тузиб, «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти ғоялари акс этган материалларни мунтазам тарқатиб келганликда гумонланмоқда.

Шунингдек, А.О. интернет тармоғи орқали «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти ғоявий раҳнамоларидан бири 1980 й.т., Қирғизистон фуқароси Махмуджон Холдаров (Махмуд Абдулмўмин) билан алоқада бўлиб, унинг кўрсатмалари асосида фаолият олиб боргани айтилмоқда.

Ўтказилган тадбир давомида, гумондорларнинг ноқонуний фаолиятини фош этувчи ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган ва уларга нисбатан Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.