Давлат хавфсизлик хизмати жойларда тезкор тадбир ўтказиб, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйгани ҳақида хабар берди.

Пойтахтда кузатилган ҳолатда Давлат кадастрлар палатасининг Янгиҳаёт тумани филиали бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, жиноят қилгани айтилмоқда. У тумандаги 20 сотих ердаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига хизмат хонасида 25 минг доллар пора олган вақтида ушланди.

пора

Фарғона вилоятида Қўштепа тумани прокурори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, боғча директоридан 2 минг доллар олган вақтида далиллар билан ушланди. Аниқланишича, туман прокуратураси боғча раҳбарига Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан иш қўзғатган. Айблов хулосаси туман судига юборилган. Туман прокурори ўринбосари суд органларидаги танишлари орқали раҳбарнинг қамалиб кетмаслиги ва муайян ҳуқуқидан маҳрум қилинмаслигига ёрдам бериши эвазига 3 минг доллар талаб қилган. У муқаддам минг доллар пул олгани маълум бўлди.

пора

Наманганда учраган ҳолатда эса Чортоқ туманидаги агрофирма раҳбари туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари билан ўзаро келишиб, жиноятга қўл ургани аниқланди. Маълум бўлишича, агрофирма раҳбари апрель ойида ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг давлат захирасига олинган 10 гектар ер майдонини хўжалик ихтиёрига қайтариб беришни ваъда қилган. Шунингдек, хўжалик бажармаган ғалла экиш режасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2,5 минг доллар талаб қилган.

Агрофирма раҳбари сўралган пулдан минг доллар ва 5 млн сўм олган вақтида ушланди. Тезкор тадбирда бу ишга аралашгани айтилаётган Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари ашёвий далиллар билан ушланди. У талаб қилинган пулдан 100 долларни олиб, қолганинин ўзида сақлаб туриши ҳақида агрофирма раҳбарига топшириқ берган. Агрофирма раҳбари фермернинг ушбу масаласини ҳал қилиб бериш бўйича аввалроқ 3 млн сўм олган, дейилади ДХХ хабарида.

пора

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз раҳбарининг оғзаки топшириғига асосан савдо корхонасининг трансформаторини электр тармоғига улаб, тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига хизмат хонасида 40 млн сўм пора олган вақтида қўлга тушди. Шунингдек, Ангрен шаҳри электр таъминоти корхонаси бошлиғи ҳам процессуал тартибда ушланди.

Ҳозирда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.