Россиянинг санкция остидаги банкларига Ўзбекистон банкларидан ўтказиладиган пуллар қайтарилади ёки музлатилади. Бу ҳақда InfinBank матбуот котиби «Газета.uz»га маълум қилди.

Банк вакилининг маълумотларига кўра, Буюк Британия томонидан Россиянинг қуйидаги банкларига нисбатан санкциялар қўлланилиши муносабати билан ушбу банкларда рўйхатдан ўтган ҳисоб рақамларига ўтказилган ҳар қандай маблағлар қайтарилиши ёки музлатилиши мумкин:

  • «Россия» банки,
  • Промсвязьбанк,
  • Генбанк,
  • Қора денгиз тараққиёт ва тикланиш банки
  • Саноат жамғарма банки

Банк матбуот хизматининг қайд этишича, ушбу ҳолат бўйича аниқ маълумотлар ёки аниқ сценарийлар йўқ. Банк ўз мижозларини ушбу ҳолат бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришга қарор қилган.

«Баъзи ОАВлар фақатгина InfinBank мижозлари шундай ҳолат бўлиши мумкин деб ёзишяпти. Йўқ. Бу ерда гап Ўзбекистондаги барча банклар мижозларига ҳақида кетяпти», — деди банк матбуот хизмати вакили «Газета.uz»га.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат жисмоний ва юридик шахслар маблағлари билан ҳам содир бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 22 февраль тонгида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон россиялик бизнесменлар Геннадий Тимченко, Борис ва Игорь Ротенберглар, шунингдек, Россиянинг бешта банки: Промсвязьбанк, «Россия» банки, Саноат жамғарма банки, Қора денгиз тараққиёт ва тикланиш банки ва Генбанкларга қарши санкциялар жорий этилгани ҳақида маълум қилганди.