Қобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонига Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Афғонистон томонига эса Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Абдул Ғани Барадар бошчилик қилди, деб хабар бермоқда ИТСВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, учрашувда томонлар инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбек-афғон ҳамкорлигининг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашган.

Афғон томони мамлакатда хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тиклаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берган.

«Термиз — Мозори-Шариф — Қобул — Пешовар» транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиб, мавжуд барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканликларини билдирганлар.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон компанияларини инфратузилмани қуриш ва тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиий ресурсларни қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Яқин келажакда ўзбек — афғон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уни амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилган.

Таъкидланишича, томонлар яқин орада ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва икки давлат ҳудудлари орқали транзитни кўпайтириш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олган.

Учрашув чоғида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари алоҳида йўналишлар кесимида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурган ва юзага келаётган масалаларни ҳал қилишни тезлаштириш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирганлар.

Шунингдек, Сардор Умурзаков Қобул шаҳрида Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий билан учрашган.


Учрашув давомида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, савдо ва транспорт тўсиқларини бартараф этиш бўйича вазифалар кўриб чиқилган.

Ўзбекистон томони Афғонистон томонига ўз ҳудудида логистика маркази, ишлаб чиқариш ва сақлаш объектлари, маҳсулотларни сотиш пунктлари ва зарур инфратузилмани бирлаштирган «Термиз» халқаро савдо марказининг имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилган.

Афғон томони ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Хусусан, Афғонистон ҳудуди орқали ўтиб кетаётган транспорт воситалари ва юкларнинг ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқиш, муқобил транспорт йўналишларини жорий этиш ҳисобига мамлакатнинг транзит имкониятларини ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олинган.

Учрашув якунида Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган фаол ҳамкорликни давом эттиришга ўзаро тайёрлик билдирилган.