Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи Афғонистон муваққат ҳукуматини тан олиш тўғрисида биргаликда қарор қабул қилади, бироқ ҳозирча бундай қарор йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев 23 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи махсус вакилларининг учрашуви якунлари бўйича журналистларга маълум қилди.

«Биз афғон муаммосига яхлит ёндашувни ишлаб чиқишда давом этишга келишиб олдик. [Афғон расмийларини] тан олиш ёки тан олмаслик масаласи ҳар бир тараф томонидан алоҳида кўриб чиқилмайди», — деди Исматулла Иргашев.

Махсус вакилнинг таъкидлашича, Афғонистоннинг янги ҳукуматини тан олиш тўғрисидаги қарор «Кобулда халқаро ҳамжамият талаблари эшитилгани ва Афғонистон муваққат ҳукумати ўз ваъдаларига содиқ қолганини кўрганимиздан» кейин қабул қилиниши мумкин.

«Бундай қарор ҳозирча йўқ, биз Афғонистон ҳукуматининг ёндашувларида ижобий ўзгаришлар бўлишини кутамиз ва уларнинг бўлишига умид қиламиз», — деди Исматулла Иргашев.

Йиғилишда иштирок этган Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон Афғонистон муваққат ҳукуматини тан олиш масаласи ҳали кун тартибида эмаслигини таъкидлади.

«Шубҳасиз, биз Кобулдаги амалда бўлган ҳокимиятни тан олмаймиз, лекин улар билан ҳамкорлик қилишга барчамиз розимиз, биз барчамиз инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини истаймиз ва бу жараён инклюзив ҳукуматга олиб келади», — деди Томас Никлассон.

Европа Иттифоқининг махсус вакили бу позиция Марказий Осиё давлатларининг позицияси билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари конференцияси якуний баёноти қабул қилингани, унда Афғонистонда инклюзив сиёсий жараённи қўллаб-қувватлаш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидлангани ҳақида хабар қилган эдик.