23 февраль куни коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов ковид инфекцияси тобора камайиб бораётгани сабабли (суткасида 200 тадан кам) чекловларни юмшатиш, айримларини бекор қилишга тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Европанинг бир қатор давлатлари, Дания, Буюк Британия, Испания, Швеция каби давлатларда ниқоб тақиш бекор қилинган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам ниқоб тақишни бекор қилиш керак. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди Абдулла Арипов.

1 мартдан фуқароларнинг очиқ ҳавода ниқоб тақиш мажбурлиги бекор қилинди. Жамоат транспорти, йирик савдо дўконлари, таълим муассасалари, давлат ва нодавлат идоралари, масжидлар, театр, кинотеатр, музей, санъат саройлари, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ва бошқа одамлар гавжум жойларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт ходимларига, улар коронавирус билан касалланганлар билан алоқада бўлишидан қатъий назар, ниқоб тақиш талаби қолдирилади.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси 2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талабини ўрнатганди. Ўшанда карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилиши айтилганди.

Пандемия бошида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилиши, такрор ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда жаримага тортилиши хабар берилганди.

2021 йил 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса — БҲМнинг 1 баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса — БҲМнинг 3 баравари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилиши маълум бўлганди.