«Ўзавтосаноат» АЖ компанияси бошқарув раҳбари Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон гимнастика федерациясига янги раҳбар этиб сайланди.

Федерациянинг ҳисобот-сайлов конференциясида унинг номзоди қўйилган ва делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.

Таъкидланишича, Шавкат Умурзоқов бошқарувидаги «Ўзавтосаноат» АЖ ушбу федерация учун бегона эмас. Ташкилот узоқ йиллардан бери федерациянинг бош ҳомийси ҳисобланади.

«Бугунги кунда федерациямиз дунёдаги 162 миллий федерациялар орасида энг яхши 10 тасидан биридир. Бироқ олдимизда ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам турибди. Терма жамоаларга, малакали кадрларга етарлича эътибор берилмагани, молиялаштиришнинг тўлиқ эмаслиги боис бир қатор истиқболли спортчи ва мутахассислар севимли иш жойларини тарк этишди. Ушбу лавозимга номзодимни илгари суришдан аввал ўзбек гимнастикаси тарихини ўрганиб чиқдим. Айтишим мумкинки, ХХ аср давомида қайд этилган улкан ютуқлар мени ҳайратга солди. Ўзбек гимнастикаси эски анъаналарини қайта тиклаши, уни жаҳоннинг етакчи мактабларидан бирига олиб чиқиши керак, деб ўйлайман. Бу каби эзгу мақсадларимизни тезроқ амалга ошириш учун бор куч-ғайратимни ишга солишга ваъда бераман», — деди Шавкат Умурзоқов.

Шунингдек, конференция давомида федерациянинг бир қатор лавозимларига номзодлар тасдиқланган.

Унга кўра, Руслан Булатович Мустаев федерация раисининг биринчи ўринбосари, Гўзал Баҳодировна Филиппова федерация бош котиби, Галина Вячеславовна Исроилбекова директор сифатида фаолиятини давом эттиради. Қолаверса, йўналишлар бўйича мураббийлар штаби ҳам тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Умурзоқов «Ўзавтосаноат»га 2018 йилнинг июнь ойида компаниянинг аввалги раҳбари коррупция сабабли ишдан бўшатилгани туфайли раҳбар этиб тайинланганди. Бунга қадар эса у Бош прокуратура тизимида фаолият кўрсатган.