«Газета.uz» 7 февралдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмда тажриба-синов тариқасида кейтринг усулида бепул овқат етказиб бериш бошлангани ҳақида ёзганди.

Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев Мўйноққа ташрифи чоғида фаоллар билан учрашувди ва улардан Қорақалпоғистонда мактаб ўқувчиларига бепул овқатлар берилаяптими деб сўради.

Дарёнинг хабар беришича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев ўқувчилар учун овқатлар берилаётганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда 142 минг нафар болалар бепул овқат билан таъминланмоқда. «Ҳатто баъзилари уйларига ҳам олиб кетяпти», — деди Сариев.

«Уйига олиб кетишса ҳам майли. Еса, кучли бўлса, соғлиғи тикланса бўлди. Насиб қилса, пулимиз кўпайгандан кейин уйларига ҳам қилиб берамиз. Бу ҳам „Қорақалпоғистон тажрибаси“ бўлди. Буни энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Ҳали юқори синф ўқувчиларига ҳам бу нарсани жорий этамиз», — деди президент.

Қолаверса, суҳбат давомида «Ҳаким ота» овулидан ташриф буюрган мактабгача таълим соҳаси вакили Бахтигул Китайбекова боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилиш масаласида давлат раҳбарига мурожаат қилди.

У Мўйноқдан 70 километр наридаги овулда яшашини ва овулда икки қаватли боғча қурилганини айтди. Таъкидланишича, боғча «Адолат» деб номланган. Президент буни эшитиб самимий кулган.

«Боғчамиздаги шароит Тошкент шаҳрида ҳам йўқ бўлса керак, деб ўйлаб қоламан. Сиздан бир илтимос, ҳеч бўлмаса олис ҳудудлар учун болаларни боғчага 3 ёшдан эмас, 2 ёшдан олишга рухсат берсангиз», — деган Бахтигул Китайбекова.

Давлат раҳбари ўзи ҳам шуни режа қилганини таъкидлади.

«Қорақалпоғистонда биринчи босқичда мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат беришни жорий этдик. Бу жуда маъқул иш бўлди, дейиш мумкин. Боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилиш бўйича менинг ҳам ниятим бор. Аммо ҳали озроқ вақт бор. Иқтисодиётимизни салгина мустаҳкамлаб олайлик, кейин бу ишни амалга оширамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг сўзларига кўра, «агар ҳозир бу фақат Қорақалпоғистон учун йўлга қўйилса, бошқа ҳудудларга нисбатан тўғри бўлмайди».

Эслатиб ўтамиз, Кейтеринг хизматини ташкил этиш учун 2022 йилда маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм маблағ ажратилган. Унга кўра, ўқувчилар 470−500 ккалорияга эга овқат, табиий сок ва мевалар билан таъминланади. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда 726 та умумтаълим мактабларида жами 139 819 нафар ҳамда Хоразмда 549 та умумий ўрта таълим мактабларида жами 136 383 нафар бошланғич синф ўқувчилари таълим тарбия олмоқда.

Маълумот учун, Президент сайловида ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш таклифини илгари сурганди.