Бобоси билан эскалатордан қулаб тушган навоийлик 3 ёшли боланинг аҳволи яхшиланиб бормоқда, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

«Газета.uz» 18 февраль куни Навоийдаги «Янги ҳаёт» савдо мажмуасида 52 ёшли фуқаро 3 ёшли набираси билан 5 ва 4 қават оралиғидаги эскалаторда мувозанатни йўқотиб, 1 қаватга тушиб кетди. Эркак воқеа жойида вафот этди, болакай эса шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берганди.

ССВнинг маълумотига кўра, 23 февраль ҳолатига болакайнинг умумий ҳолати динамикада яхшиланиб бормоқда. Айни пайтда вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг тажрибали шифокорлари томонидан стандарт бўйича муолажалар давом эттириляпти.

«Боланинг аҳволи Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари томонидан кунлик назорат қилиб борилмоқда. Бемор яқин кунларда реанимациядан болалар бўлимига ўтказилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими бошлиғи «Газета.uz»га ҳодиса оқибатида болада оғир қўшма жароҳат, хусусан бош мия ёпиқ жароҳати, унинг лат ейиши, чаноқ суякларининг ўнг томонлама синиши билан ташҳис қўйилганини айтганди.

Шунингдек, унда пешона соҳаси тери ости гемотомаси ҳамда посттравматик шокнинг оғир даражаси қайд этилган. Реанимация бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, боланинг аҳволи оғир, эс-ҳуши карахтлашгани, 19 февраль МРТ ва бошқа барча текширувлар ўтказилганини маълум қилиб, стандартлар бўйича барча муолажалар олиб борилаётганини айтганди.