Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти олимлари Қуёш технологияларини қўллаган ҳолда электромобилларни юқори тезликда зарядловчи қурилмаларини яратиш ва ишлаб чиқиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Бунда Ўзбекистон иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда энергия сақлаш тизимига эга бўлган қуёш фотоэлектр тизими орқали маҳаллий электр тармоғи билан параллел ҳолда ишлайдиган электромобилларни тез зарядлаш қурилмаси ишлаб чиқилади ва барча ҳудудларда жорий этилади.

«Бунинг натижасида, республикада ўрнатилган ҳар бир тизим йилига 32 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 950 та электромобилларни зарядлаш имконияти яратилади ҳамда 11,2 минг куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 19,8 тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, институт олимлари марказий электр тармоқларига қуёш фотоэлектр тизимларини жорий этишни амалга ошириш йўналишлари ва техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда тайёрлаш лойиҳасини ҳам амалга оширмоқда.

Таъкидланишича, лойиҳа республика ҳудудларида иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда фотоэлектр тизимларни умумий электр тармоғига ишончли улаш бўйича аниқ ечимлар, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва уларнинг хавфсиз ишлаш мезонларини яратишни назарда тутади.

Фотоэлектр тизимлар умумий электр тармоғига уланган иқтисодиётнинг барча соҳалари объектларида, аҳоли яшаш жойларида, хусусий ва давлат корхоналари объектларида қўлланилади. Афзалликлари — фотоэлектр ишлаб чиқарган электр энергияси электр тармоққа минимал йўқотишлар билан узатилади. Ҳудудлар иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда фотоэлектр тизимларни тармоққа улаш ва тариф механизмлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, Қуёш радиацияси, шамол тезлиги ва йўналиши, ҳаво ҳарорати, ёғингарчилик миқдорини ўлчаб бориш метеостанцияларини кичик ҳажмларда ишлаб чиқариш лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилмоқда. Лойиҳа «Ўзгидромет», Энергетика вазирлиги, Олий таълим, саноат корхоналари, ва тадбиркорлар, фермер хўжаликларида қўлланилади.

«Бу — метеостанцияда олинган маълумотлар базаси асосида республикада қуёш ва шамол станцияларини барпо этиш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш, метрологик ўзгаришларни олдиндан башорат қилиш имконини беради», — дейилган вазирлик хабарида.

Вазирликнинг маълум қилишича, институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораторияси ташкил этилган. Институтга Хитойнинг Henan Suda Electric Vehicle Technology корхонасининг техник кўмагида 20 дона электромобиль ажратилган бўлиб, улар асосида илмий тадқиқот таҳлиллари олиб борилмоқда.