ДХХ Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Наманган вилоятларида гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноий ҳолатларни аниқланган. Бу ҳақда ДХХнинг матбуот хизмати хабар берди.

Сурҳондарёнинг Узун туманида яшовчи 1991 й.т. фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Тожикистон Республикасидан 5 кг 593 гр «опий» гиёҳвандлик моддасини Ўзбекистонга олиб ўтганида қўлга олинган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилган. Унинг шериги эканлиги айтилаётган 1986 й.т. фуқаро ҳамда гиёҳвандлик воситаларининг буюртмачилари деб гумонланаётган 1985 ва 1990 й.т. ака-укалар ҳам ушланган.

Қашқадарё вилоятида ҳам ҳудди шундай ҳолат кузатилди. Термиз шаҳрида яшовчи 1969 йилда й.т. фуқаро ва унинг 1990 ва 1992 йилларда туғилган ўғиллари ўзига тегишли Cobalt автомобилида Тошкент шаҳрига кетаётганига Чироқчи туманидаги Умакай йўл патрул постида тўхтатилган. Машинанинг мотор қисмидаги кузов остидан 1 кг «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Ҳолат процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Умакай ЙПХ масканида қайд этилган яна бир ҳолатда Термиз — Тошкент йўналишида кетаётган Cobalt машинаси ичидаги 1959 йилда туғилган деновлик йўловчи ёнида 350 г гашиш ва 65 г опий моддалари борлиги аниқланган.

Маълум қилинишича, у илгари ҳам 2 марта айнан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этган. Гиёҳванд моддалар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Мазкур гиёҳвандлик воситалари 3-шахслар томонидан Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилган ва Тошкент шаҳрида сотилиши керак бўлган.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятида 1966 йилда туғилган, муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жинояти туфайли судланган шахс 426 г гашишни Қирғизистон чегарасидан контрабанда йўли билан олиб ўтиб, шундан 107 граммни Бувайда туманида яшовчи аввал судланган шахсга сотаётган вақтида ушланган. Текширув вақтида унинг машинасидан гиёҳвандлик моддасининг қолган қисми ҳам топилган ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Сўнгги ҳолат Наманган вилоятида кузатилди. Поп туманида жойлашган Наманган мунтазам ЙПХда Намангандан Тошкент шаҳрига кетаётган машина тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Машина ичида 2160 флаконда «Тропикамид» кучли таъсир этувчи дори воситаси борлиги маълум бўлган ва улар олиб қўйилган. Дорилар Қирғизистондан ноқонуний олиб ўтилгани ва Наманган шаҳрида яшовчи 1985 йилда туғилган шахсга тегишли эканлиги айтилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.