Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳридан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилди, деб хабар берди ЎзА.

Таъкидланишича, Хўжанддан йўлга чиққан йўловчилар «Андархон» чегара масканида кутиб олиниб, Қўқон шаҳрига кузатиб қўйилган. Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев божхона масканида Тожикистондан келаётган йўловчиларни кутиб олиб уларга оқ йўл тилаган.

Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, қатновлар Тожикистоннинг Asian Express корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон томонидан эса Uzautotrans service МЧЖ ушбу йўналишда хизмат кўрсатади.

Қатновлар душанбадан ташқари ҳар куни амалга оширилади. Янги халқаро йўналишда иш бошлаган автобус қатнови эрталаб соат 8:00 да Хўжанд шаҳридан Қўқонга йўл олади. Соат эса 17:00 да Қўқон шаҳридан орқага Хўжанд шаҳрига йўл олади. Йўлкира нархи Хўжанддан Қўқонгача 100 минг сўмни ташкил этади.

«Йўловчиларнинг талаб ва истакларига кўра автобус қатнови кўпайтирилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Хўжанд-Қўқон йўналишидан ташқари ҳозирги вақтда Тошкент-Хўжанд йўналишида ҳам автобус қатновлари амалга оширилмоқда.

«Тошкент» автовокзали маълумотига кўра, Тошкент-Хўжанд ўртасида автобус қатновлари кунига икки маротаба соат 9:00 ва 18:00 да амалга оширилади.