Тошкент метрополитенида илк маротаба она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхонадан фойдаланиш бошланади. Бу ҳақда тарқалган маълумотларни «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот котиби «Газета.uz»га тасдиқлади.

Таъкидланишича, бу президентнинг «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»га қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий этилган.

Матбуот котиби жамоат ҳожатхонасининг 23 февраль куни соат 15:00 да очилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Тошкент метрополитени тажриба тариқасида «Чилонзор» метро бекатида ҳожатхоналар қуришни бошлаганини маълум қилганди.