Шавкат Мирзиёев 30 йилдан сўнг фаолияти тикланган Мўйноқ аэропортига қўнди. Шу ернинг ўзида фаоллар билан суҳбатлашди.

«Агар Тошкентдан тиббиёт соҳаси вакиллари Қорақалпоғистонга келиб ишласа, уларнинг ойлик маошига 100 фоиз устама ҳақ тўлаймиз. Агар Мўйноққа келиб ишласа устама, икки баравар бўлади», — дея президент сўзларини келтирмоқда блогер Азиза Қурбонова.

Давлат раҳбари бу йўналишда қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган.

Шунингдек, президент Оролбўйи муаммоларини кўриш ва ҳал қилиш учун 3 кун давомида Қорақалпоғистонда бўлишини айтди.

«Қорақалпоғистоннинг 2 миллионлик аҳолисини қандай қилиб рози қилиш бизни ўйлантиради. Биринчи марта республика раҳбарлари 1 ҳафта давомида Қорақалпоғистонда бўлади. Мен ҳам қарши бўлмасангиз, 3 кун бўламан бу ерда. Нега шимолий туманларга вилоят раҳбарларини бириктирдим? Авваламбор, „меҳр кўзда“ дейди. Биргалашиб Оролбўйининг муаммоларини кўришимиз ва ҳал қилишимиз керак», — деди у.

У шунингдек, барча муаммони бир кунда ҳал этиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Биттада ҳаммаси „есть“ қиладиган давлатнинг ўзи йўқ. Лекин режа тузиб энг оғир жойдан тиклаш ва ривожлантиришни бошлаймиз. Бу аэропорт ҳам фақат расмга тушиш учун аэропорт бўлмаслиги керак. Манфаат олиб келиши, одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Дарёнинг ёзишича, давлат раҳбари ҳафта икки мартагача авиақатновлар йўлга қўйилишини маълум қилган.

«Ҳозир аэропортга киришда топшириқ бердим, энди ҳафтада икки марта Тошкент-Мўйноқ-Нукус йўналишида парвозлар бўлади. Бу аэропорт расмга тушиш учун эмас, инсонларга хизмат қиладиган бўлиши керак», — дейди президент.