Ижтимоий тармоқларда Spark русмли автомашинасига ўтириб, аёлни босиб кетган видео тарқалган эди. ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳодиса Бухоро вилоятида содир бўлган.

Видеолавҳа Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилган ва ушбу ҳолат жорий йилнинг 21 февраль куни соат 13:50 да Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани Хўжалар маҳалласида жойлашган Пойкент савдо мажмуаси олдида содир бўлгани аниқланган.

Хабарда келтирилишича, Ш. исмли аёл бошқарувида бўлган Spark русумли автомашинаси билан С.К. исмли аёлни уриб юбориб, унга тан жароҳати етказган.

«Ҳолат тегишли тартибда туман Ички ишлар бўлими Навбатчилик қисмида қайд этилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари вилоят Ички ишлар бошқармаси ва туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.