Президент Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни «Уй-жой қурилиши ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 мартдан бошлаб барча юридик шахсларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойналарини тўғридан-тўғри шартномалар асосида чекловларсиз (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади.

Бунгача 2020 йил 1 январдан бошлаб устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми, буларга 38 та товар киради (шу жумладан цемент, клинкер ва ойна) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинган. Бозор иштирокчиларидан бирининг «Газета.uz»га айтишича, квоталар ҳукумат қарори билан ҳар йили тақсимланади.

Бундан ташқари, Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги 2024 йил 1 январга қадар маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида барча давлатларга, шу жумладан қўшни давлатларга ташиш харажатларининг 50 фоизигача компенсация қилиш учун субсидиялар ажратади. 2021 йилда агентликка давлат бюджетидан 163,5 млрд сўм ажратилган.

«Ўзсаноатқурилишбанк» қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни молиялаштиради. Шу мақсадда банкка капитал бозори шароитларидан келиб чиққан ҳолда камида 300 млн долларлик халқаро корпоратив облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш топширилди.

Шунингдек, уй-жой қурилиши кластерларини қўллаб-қувватлаш учун 2022 йил охиригача давлат кафолатисиз 150 млн доллар миқдорида хорижий кредитларни жалб этиш кўзда тутилган. Ҳар бир туманда камида биттадан кластер пайдо бўлиб, «қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қурилиш лойиҳаларини лойиҳалашдан тортиб, тайёр кўп қаватли турар-жой бинолари қуришгача бўлган қўшимча қиймат занжири»ни ташкил этади.

2021 йилнинг ноябрь ойида президент иштирокидаги видеоселекторда цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинганди. Шунингдек, цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилиши қайд этилди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 128,3 млн долларлик 2,7 млн тонна цемент импорт қилган, бу 2020 йилга нисбатан 206 минг тоннага кўп ҳисобланади. Импортнинг асосий қисми Қозоғистон (1,1 млн тонна), Тожикистон (816 минг тонна), Қирғизистон (671 минг тонна) ҳисобига тўғри келади. 2021 йилда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми 11,88 млн тоннани ташкил этди, бу 2020 йилга нисбатан 1,2 миллион тоннага кўп.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, агар 2020 йилда Ўзбекистон цемент заводлари томонидан 530,3 минг тонна (асосан Афғонистонга) цемент экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда 333,6 минг тонна, шундан 158,5 минг тоннаси ОКМК корхоналари (Жиззах ва Шеробод цемент заводлари) ҳиссасига тўғри келган, маҳсулот экспорт қилинган.