Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот давомида Қозоғистоннинг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

ОТМ, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил 24 январгача узайтирилди

ОТМ, коллеж ва академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил 24 январгача узайтирилди. Авиа ва темир йўл чипталарига 50 фоизлик чегирма муддати ҳам узайтирилади, харид қилинган чипталар эса бепул тарзда бошқа санага алмаштириб берилади.

Мактабларда қишки таътил одатдагидек давом этади

ХТВнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, мактабларда қишки таътил одатдагидек давом этади, 11 январдан учинчи чорак бошланади. Қишки таътил узайтирилиши фақат олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчиларига тааллуқли.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари телефон орқали мулоқотда Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилишди ҳамда томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақиришди.

Ўзбекистон ва Туркия президентлари Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилдилар

Ўзбекистон ва Туркия президентлари телефон орқали мулоқотда Қозоғистондаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солишга чақириб, зўравонлик ва кескинлашувнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ватандошлар билан доимий алоқада — ТИВ

Ўзбекистон ТИВ Қозоғистоннинг Нур-Султондаги элчихона, Олма-ота ва Ақтаудаги Бош консулхоналар одатдаги тартибда фаолият юритаётгани ҳамда ўзбекистонликлар, шу жумладан, талабалар билан доимий мулоқот ўрнатилганини маълум қилди. Қўшни давлатдаги ватандошлардан жорий этилган чекловларга амал қилиш сўралди. Нур-Султон, Олмаота ва Актаудаги дипломатик ваколатхоналарнинг телефон рақамлари эълон қилинди.

Чигит иши: Бизнес-омбудсман Қашқадарё ҳокимлигини огоҳлантирди

Бизнес-омбудсман Қашқадарёдан самарқандлик тадбиркорнинг 100 тонна чигит маҳсулоти чиқарилмаётгани ҳолати юзасидан вилоят ҳокимлигини «тадбиркорларнинг ҳуқуқларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли чора кўриш бўйича огоҳлантирди». Компания вакили ҳужжатларида муаммо йўқлигига ва чигит оғзаки топшириқ билан ушлаб турилганига ишонтирмоқда.

Қашқадарё ҳокимлиги ҳайдовчиси йўл қоидаларини қўпол тарзда бузди

Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари хизмат машинаси эканлиги айтилаётган Trailblazer ҳайдовчиси ЙПХ ходимлари кўз ўнгида учта йўл ҳаракати қоидасини бузди. Видео интернетда эълон қилинганидан сўнг, автомобиль жарима майдончасига қўйилган. Машина ойналари ҳам рухсатсиз қорайтирилгани маълум бўлди.

Спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишида 26 киши суд қилинмоқда

Қарши шаҳрида спорт устаси Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилганига оид жиноят ишини судда кўриш бошланди. Жами 26 киши — қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга ўртача оғир ва енгил тан жароҳатлари етказиш, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, одам ўғирлаш, пора олиш ва бериш, айбсиз кишини жавобгарликка тортиш, ёлғон гувоҳлик бериш, жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш, безорилик моддалари билан судланмоқда.

Бир қатор товарлар, жумладан, гўшт, сариёғ ва ун импорти бўйича божлар бекор қилинди

Президент қарори билан беш турдаги товарлар, жумладан, гўшт, ёғ, ун, совун ва бошқаларни олиб кириш учун божхона тўловлари ставкалари бекор қилинди. Ҳозирда ушбу товарлар учун ставкалар 5% дан 20% гачани ташкил этади.

Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини қайта тиклашни режалаштирмаяпти — Энергетика вазирлиги

Ўзбекистон COVID-19 пандемияси бошидан бери тўхтатилган Россияга табиий газ экспортини қайта тиклашни режалаштирмаяпти. Ҳозирча газ Хитойга етказиб берилмоқда. Аввалроқ, 2025 йилга бориб табиий газ экспорти тўлиқ тўхтатилиши маълум қилинганди.

Бўстонлиқ ва Зоминда ўрмон ёнғинларига қарши отрядлар ташкил этилиши мумкин

Тараққиёт стратегияси лойиҳасига кўра, Бўстонлиқ ва Зомин туманларида ФВВнинг ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослашган отрядлари ташкил этилади. Қолаверса, 2022 йилда вазирликнинг авиация хизмати фаолияти ҳам йўлга қўйилади. Ëнғин-техник воситаларини ишлаб чиқаришга эса хусусий сектор жалб этилади.

Ўзбекистондан тухум экспорти тўхтатилгани айтилди, Ветеринария қўмитаси буни рад этмоқда

Ҳукумат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1 апрелга қадар товуқ тухуми экспортига тақиқ ўрнатди. Айрим тадбиркорлар ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартиришга, айримлари эса маҳсулотни таннархида сотишига тўғри келмоқда. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистонда тухум экспортига тақиқ жорий қилинмаганини таъкидламоқда.

Навоийда олтин қазиб олаётган 5 нафар фуқарони қум босиб қолди

Конимех туманида ноқонуний тарзда олтин қазиб олаётган 5 нафар бухоролик қум босиб қолиши оқибатида вафот этган. Таъкидланишича, улар қум остида 10 кундан кўпроқ қолиб кетишган.

Самарқандда фуқаро қўшнисининг бошига болта билан уриб, ўлдиргани айтилмоқда

Ургут туманидаги «Деҳқонобод деҳқон бозори» яқинида 29 ёшли фуқаро қўшнисининг бош ва бўйни соҳасига темир болта билан уриб, ўлдириб қўйгани айтилмоқда. Гумондор процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳунармандларга 225 млн сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади

2022 йилда ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштиришга 500 млрд сўм йўналтирилади. Шундан келиб чиқиб, ҳунармандларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 6 ойгача имтиёзли давр билан 225 млн сўмгача кредит берилади. Улар маблағларни нақд пул кўринишида олиши ҳам мумкин.

Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар яратиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда «фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш» мақсадида миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. 2018 йил декабрида MobiUz мобил операторига «криптографик ҳимояланган биринчи миллий UzChat мессенжери»ни жорий этиш вазифаси юклатилганди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Илон Маск учун тақдимот ўтказиш шахсий ташаббусим эди» — Tesla гигазаводи муҳандиси Музаффар Ҳамроев билан суҳбат

«Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Илон Маск асос солган Европадаги Tesla гигазаводида ишловчи Музаффар Ҳамроев. Биз ундан нега ўқишни Германияда давом эттиргани, у ердаги таълим сифати, Tesla`га ишга кириши қандай бўлгани, Илон Маск учун ўтказган тақдимоти қандай натижа бергани, хориждаги қийинчиликлар ва Ўзбекистондаги ёшларга берадиган маслаҳатлари ҳақида сўрадик.

Қозоғистондаги иккиҳокимликнинг интиҳоси ва ОДКБ дебюти

Тинч намойишларнинг оммавий тартибсизликларга айланиши диалог туза олмаган жамият ва ҳокимият ўртасида чуқур жарлик мавжудлигини англатади. Халқаро муносабатлар соҳаси мутахассиси Юрий Саруханян Қозоғистондаги сиёсий инқироз ҳақида.