Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Зомин туманларида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослашган отрядларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида қайд этилган.

Унга кўра, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштирилиши, 2022 йил давомида ФВВ Республика махсус қутқарув марказини INSARAG (қидирув-қутқарув масалалари бўйича халқаро маслаҳат гуруҳи) стандартлари асосида тайёргарликдан ўтказиш белгиланмоқда.

Шунингдек, ўрмон ёнғинларини бартараф этиш тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида Бўстонлиқ ва Зомин туманларида ФВВнинг ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослашган отрядларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Қолаверса, ФВВнинг авиация хизматини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Бунда 2022 йил сентябрь ойига қадар тегишли норматив ҳужжатни ишлаб чиқиш белгиланган.

Бундан ташқари, республиканинг туристик зоналарида фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф этиш ҳамда аҳолини тезкор хабардор қилиш тизими модернизациялаштирилади. Бунда «Чорвоқ-Чимён» йирик туристик зонасида илғор хорижий тажриба асосида, Бўстонлиқ туманидаги ФВВнинг ёнғин-қутқарув бўлинмалари негизида ихтисослашган кўп тармоқли бошқарма ташкил қилинади.

Республиканинг олис ҳудудларини профессионал ва кўнгилли ёнғин-қутқарув бўлинмалари билан қамраб олиш кўрсаткичини яхшилаш учун лойиҳада қутқарув кучлари мавжуд бўлмаган, хавф манбаи юқори ҳудудлардаги йирик аҳоли пунктларида сентябргача ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш ҳам мақсад қилинган. Ёнғин-техник воситаларни ишлаб чиқариш учун хусусий секторни жалб этиш кўзда тутилган.