Ўзбекистон ҳукумати 2022 йил 1 апрелга қадар товуқ тухуми экспортига тақиқ ўрнатди. Бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг 16 декабрдаги мажлиси баённомасида қабул қилинган (қарор нусхаси «Газета.uz»да мавжуд).

Бу ҳақда 5 январь куни ҳуқуқшунос ва блогер Баҳодир Аҳмедов ҳам хабар қилиб, тухум маҳсулотлари экспортини 1 апрелгача вақтинчалик тўхтатиб туриш таклифи қўллаб-қувватлангани айтилган ҳужжат фотосуратларини эълон қилган эди.

Ҳужжатга кўра, республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички истеъмол бозорларида нархларни барқарорлаштириш мақсадида тухум экспортини вақтинча тўхтатиш ташаббуси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан киритилган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистонда тухум экспортига оғзаки ёки ёзма равишда тақиқ жорий қилинмаганини маълум қилди.

«Тухум импорт қилувчи мамлакатларнинг меъёр ва қоидаларига мувофиқ, тухум экспорт қилувчи тадбиркорларга нисбатан қўмита томонидан ҳеч қандай чекловлар жорий этилмаган. Тухум экспорти билан боғлиқ жараёнларга қизиққан тадбиркорлар, журналистлар ва блогерлар „Паррандасаноат“ уюшмасидан 71−271−64−26 телефон рақами орқали батафсил маълумот олишлари мумкин», — дейилади қўмита хабарида.

Тухум экспорти тўхтатилганини Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги учта фермер хўжалиги «Газета.uz»га тасдиқлади.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги Dargʻom Parranda Fayz корхонаси чеклов фақат истеъмол учун мўлжалланган тухумларга тааллуқли эканини, инкубациядан чиққан наслчилик тухумларини экспорт қилиш давом этаётганини маълум қилди.

Sardor Bahrom Zoo фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Иномов экспорт тақиқлангани сабабли бир қатор муаммоларга дуч келганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, у тақиқ ҳақида Афғонистонга тухум етказиб бериш бўйича шартнома тузмоқчи бўлган вақтида, «Паррандасаноат» уюшмасидан рад жавобини олганида хабар топган.

Тадбиркорнинг айтишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ички бозорда тухумга бўлган талабни тўлиқ қоплаш билан бирга, маҳсулотининг бир қисмини экспортга ҳам йўналтирмоқда.

«Ишлаб чиқарилаётган тухумнинг 20 фоизини экспорт қиламан. Экспортни тўхтатиб, бу ички бозорга ёрдам беришини айтишди, лекин бу унга зарар етказиши мумкин. Эртага фойда қилмасак ва ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмини сота олмасак, тухум қўядиган товуқларнинг бир қисмини сўйиш учун жўнатишимиз мумкин. Буни омборда сақлаб бўлмайди, товуқлар сонини қисқартиришга тўғри келди», — деди у.

Фермер аллақачон паррандалар сонини камайтиришга киришганини, инкубаторлардан бирини сўйишга жўнатганини маълум қилди.

«Кунига 6 минг флейка тухум ишлаб чиқарамиз. Бугунги кунда омборда 50 минг қадоқ тухум сақланади. 30 га кўпайтирилса, 1,5 миллион тухум бўлади. Мен буни ички бозорда сота олмайман», — деди у.

Баҳром Иномовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон тухумни фақат Афғонистонга экспорт қилади, чунки маҳсулотлар МДҲ мамлакатлари талабларига жавоб бермайди.

Sardor Bahrom Zoo раҳбари ҳозирда экспорт шартномаси тузган афғонистонлик ҳамкори олдида бажарилмаган мажбуриятлар юзага келганини қайд этди. «Келишувга риоя қилинмаётганлиги сабаб келгусида ҳамкорим мен билан ишлашни истамайди», — деди у.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Progress Parranda корхонасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, корхонада кунига ўртача 55 минг дона тухум ишлаб чиқарилиб, унинг ярми Афғонистонга етказиб берилади. Бироқ экспорт чекловлари туфайли компания тухумни деярли таннархида сотишига тўғри келмоқда.

«Кеча нархларни пасайтирдик. Бугун ҳам. Бунгача 1050−1100 сўмдан сотиб келаётган эдик, ҳозир эса — 900 сўм. Самарқандда ҳатто 800 сўмдан сотишмоқда. Омборларда маҳсулот тўпланиб қолганлиги сабабли таннархида сотишга мажбур бўлишмоқда. Бошқа тадбиркорлар ҳам шу сабаб азият чекмоқда», — дея маълум қилди Progress Parranda корхонаси.

Корхона вакилларининг таъкидлашича, кўплаб тухум ишлаб чиқарувчилар кредит олишган, аммо тухум нархи кескин тушиб кетгани сабабли уларда қарзларини тўлай олмаслик хавфи мавжуд.

Progress Parranda корхонани ёпиш ва бошқа бизнесга ўтиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, октябрь ойида тухум нархлари 11,2 фоизга, ноябрда 5,6 фоизга ошган, декабрда эса 0,3 фоизга арзонлаган. Ўтган йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонда 5,5 миллиард дона тухум етиштирилган.

Хабар эълон қилинган вақтда «Газета.uz» «Паррандасаноат» уюшмасидан расмий изоҳ ололмади.