2022 йил Марказий Осиё учун Қозоғистондаги жиддий сиёсий инқироз билан бошланмоқда. Суюлтирилган газ нархлари оширилиши оқибатида юзага келган намойишлар бир неча кун давомида бутун мамлакатни қамраб олди, кейинчалик сиёсий лозунглар пайдо бўлди ва натижада оммавий тартибсизликлар, мародёрлик ва президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ОДКБдан ёрдам сўраши билан тугади.

Ҳар қандай оммавий намойишлар сабаблари ҳақида гап кетганда, халқ ҳеч қачон кўчага сабабсиз ёки қандайдир ягона муаммони ҳал қилиш учун чиқмаслигини ёдда тутиш лозим. Газ нархларининг ошиши, сайловдаги сохталаштиришлар, полиция зўравонлиги — буларнинг барчаси намойишларга туртки берувчи омиллар, лекин уларнинг ўзи жамиятдаги норозиликлар манбайи бўлиб хизмат қилмайди. Шунинг учун, триггерларнинг ўзлари бўйича тезкор чора-тадбирлар кўришнинг фойдаси йўқ.

Намойишлар, айниқса улар бир неча кун давом этадиган бўлса, бутун диққатини уларга туртки берган мавзуга қаратишни тўхтатиб, янада тизимли бўлиб боради ва масалалар кўламини кенгайтиради. Бундай вазиятда иқтидордаги ҳокимиятнинг норозилик кайфиятлари билан қанчалик самарали ишлашига кўп нарса боғлиқ. Ҳар қандай чалкашлик ёки шошқалоқлик билан қабул қилинган қарор вазиятни кескинлаштириши мумкин. Бўлиб ўтаётган воқеаларда намойишчиларнинг ўзлари ҳам масъул бўлишади. Назорат қилиб бўлмайдиган агрессиянинг олдини олиш ва намойишларга радикалларни яқинлатмаслик муҳим. Ваниҳоят, иккала томон ҳам компромисс заифлик тимсоли эмас, аксинча прагматик кучнинг намоён қилиниши эканлигини тушунишлари лозим.

Қозоғистонда суюлтирилган газ нархлари бўйича норозиликдан ҳукумат истеъфосини талаб қилишгача йўл жуда қисқа бўлди. Тоқаев тезкор чоралар билан норозиликларни тугатмоқчи бўлди, бироқ оломон радикаллашувининг олдини олишнинг иложи бўлмади. Вазиятларнинг кейинги ривожланиши де-факто иккиҳокимлик сиёсий тизимида бўлиб турган (ҳар ҳолда кечаги кунгача) Қозоғистоннинг барча заиф томонларини намоён қилди.

Тинч намойишларнинг оммавий тартибсизликларга айланиб, маъмурий бинолар ёқилиши, банклар ва савдо марказлари ўмарилиши диалогга эриша олмаган жамият ва ҳокимият ўртасида чуқур жарлик борлигини билдиради. Намойишларни ўз атрофида бирлаштира оладиган ва тартибсизликларни бартараф эта оладиган оппозициянинг йўқлиги вазият ёмонлашувига олиб келди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кучишлатар тизим ходимлари стратегик объектларни осонлик билан қолдириб, чекинишгани эса ёки уларнинг иқтидордаги ҳокимиятни ҳимоя қилишни хоҳламаслигидан ёки айнан ўша иккиҳокимликнинг ичидаги жиддий келишмовчиликдан далолат беради. Натижада, сиёсий элита инқироз қаршисида якка ўзи қолди.

Тоқаевнинг ўзи жуда қийин вазиятда қолди. Кун давомида у Назарбоев режимидан масофаланишга ҳаракат қилди. Ҳукумат истеъфоси, Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетиши, Элбоши кадрларининг муҳим лавозимлардан ҳайдалиши — буларнинг барчаси вақтни ютиш ва жамият олдида ишонч қозонишга йўналтирилган эди. Бу чораларнинг бирортаси ҳам етарлича фойда бермади, вазият эса назоратдан чиқиб кетаверди. Маъмурий ва стратегик объектларнинг бирин-кетин қулашини кузатган Тоқаев сўнгги чорага юзланди — ОДКБдан ёрдам сўради. Бу мурожаатнинг легитимлигини таъминлаш учун эса ташқи кучлар томонидан молиялаштирилган агрессия каби классик ҳикоядан фойдаланди.

ОДКБ кучларининг Қозоғистондаги ички сиёсий инқирозни бартараф этиш учун жалб қилинганлиги ташкилот тарихидаги биринчи тўлақонли операция ҳисобланади ҳамда, эҳтимол, Марказий Осиё ва постсовет давлатлари учун ўртамуддатли истиқболда бурилиш нуқтаси бўлади.

Ташқи кучларнинг ички сиёсий можароларга аралашуви — жуда салбий прецедент. Ҳокимиятнинг ўзи ташқи акторларни ўз ҳудудига олиб келиши эса ундан-да ёмонроқ. Постсовет маконида бундай ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Анқара қўллаб-қувватлови остида Қорабоғ можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилишни бошлаган Озарбайжон ғалабага бир қадам қолганда тўхташга ва ўзининг де-юре ҳудудига Россия қўшинларини киритишга мажбур бўлди. Юқоридаги урушда мағлуб бўлган Арманистон давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлай олмаслигини тан олиб, ушбу масъулиятни Москва зиммасига юклади. Сиёсий инқирозни бошидан кечираётган Украина ўз ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун НАТО (Вашингтон)дан ёрдам сўрамоқда. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш учун Россия билан интеграциянинг барча йўл хариталарига имзо қўйишга қарор қилди. Энди эса Қозоғистон ўз ҳудудига ташқи кучларни чақирмоқда.

Тоқаев режимни қутқариб қолиш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга уриниб, жамоатчилик кўз олдида ўзининг легитимлигига қаттиқ зарба бермоқда. Ушбу қарор давлат аппаратининг инқирозни мустақил равишда бартараф этишга ва ўзининг асосий вазифаси — жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга қодир эмаслигини тан олишидир. Ҳеч қайси жамият ташқи кучлар аралашувни ижобий қабул қилмайди. Айниқса бу аралашув ўзининг сиёсий элитаси мурожаати ортидан рўй бераётган бўлса. Мабодо тартибсизликларни бартараф этиш операцияси сиёсий мухолифлик ва фуқаролик фаоллигини бостириш йўлида ҳам ишлатилса, ҳозирда Тоқаевда мавжуд бўлган credibility ни қайтариш жуда қийин бўлади.

ОДКБ (яъни Россия) ёрдами «бепул» бўлмаслиги тайин. Ҳозирча Москва аниқ талабларни қўйгани йўқ, бироқ стандарт талаблар аллақачон маълум. Буларга Кремлнинг позициясини оммавий равишда фаол қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Қримни Россияники деб тан олиш, миллий ташқи сиёсат курсининг диверсификациясини тугатиш, бутунлай Россия таъсир зонаси мақомига ўтиш ва сиёсий интеграция (беларус сценарийсигача) киради. Узоқ вақтдан бери Назарбоев соясидан чиқишни хоҳлаган Тоқаев бирданига Евросиё соясига тушиб қолиши мумкин.

Ваниҳоят, ҳозирча Қозоғистондаги вазият қайси сценарий бўйича ривожланиши тушунарсиз. Ҳозирда постсовет маконида бундай инқирозларнинг учта асосий сценарийси мавжуд: қирғизча сценарий — элиталар ўртасида ҳокимият учун перманент уруш ва давлат тўнтаришлари ҳудудига айланиш, украинча сценарий — давлатчилик инқирози ва ҳудудий яхлитликнинг йўқолиши, беларусча сценарий — мажбурий Иттифоқ давлати. Қозоғистон ушбу уч сценарийлардан бири бўйлаб кетадими ёки янги прецедент бўладими (ОДКБ иштирокини инобатга олган ҳолда), ҳозирча ноаниқ.

Шунга қарамасдан, Қозоғистон ушбу сиёсий инқироздан қандай ва қай тарзда чиқиши фақат мамлакатнинг ўзи учун эмас, балки бутун Марказий Осиё учун муҳимдир. Ички сиёсий можарони ҳал қилишга ОДКБнинг жалб қилиниши ҳозирча ЕЕИ (Евросиё иқтисодой иттифоқи) ва ОДКБга қўшилмаган давлатларга босимни кучайтиради ҳамда ташқи сиёсатда манёвр қилиш учун имкониятларни қисқартиради. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг кўпвекторлик сиёсатидан воз кечиши минтақавий ҳамкорликни қайта тиклаш жараёнига қаттиқ зарба беради. Марказий Осиё масаласи кун тартибида яна иккинчи даражага ўтиб қолиши, ҳаттоки 2000-йиллар ўртасидаги каби йўқ бўлиб кетиши хавфи бор.

Ваниҳоят, Қозоғистон прецеденти минтақадаги бошқа давлатларнинг ички сиёсий ҳаётига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Марказий Осиё жамиятларида норозиликлар йиғилиб қолган, тарихда эса намойишларнинг бир норози жамиятдан иккинчисига кўчиб ўтишига кўплаб мисоллар мавжуд. Шу сабабли, Қозоғистон қўшнилари ички сиёсий қарорларни қабул қилишда эҳтиёткор бўлишлари, норозилик кайфиятлари билан ишлашлари, эскалациянинг олдини олишлари, шунингдек жамоатчилик билан самарали ва тўғри коммуникацияни таъминлашлари керак.

Асосийси — барча муаммоларнинг илдизи ичкаридалигини, ташқи омил эса сиёсий элита жамият билан диалог қилишга қодир бўлмаган, шошқалоқлик билан қарор қабул қилаётган ва ҳолатни мустақил равишда назоратга олишни удалламаётган вазиятда аралашишини унутмаслик лозим.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Юрий Саруханян — халқаро муносабатлар соҳаси мутахассиси, «Серия пенальти» Telegram-канали муаллифи.