Навоий вилоятида таркибида олтин бўлган қумларни ноқонуний қазиб олаётган 5 нафар фуқарони қум босиб қолди.

ФВВ хабар беришича, воқеа 2021 йил 23 декабрь куни соат 23:30 ларда Конимех тумани Караката ОФЙнинг чўл ҳудудидаги «Лолазор» номи билан аталувчи конида содир бўлган.

Вилоят ФВБнинг куч ва воситалари ҳамда ФВДТга кирувчи хизматларининг қидирув-қутқарув ишлари олиб борганда Бухоро вилоятидан бўлган 5 нафар фуқаронинг жасадларини топган. Суд-тиббий экспертизасини ўтказиш мақсадида жасадлар Зарафшон шаҳар Тиббиёт бирлашмасига юборилган.

Kun.uz`нинг ёзишича, қурбонлар 4 январь куни тупроқ остидан олиб чиқилган.

Фото: Навоий вилояти ФВБ.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 5 та техника ва 63 нафар ходим ҳамда ишчи-хизматчи жалб этилган. Ҳозирда содир бўлган фавқулодда вазият бўйича Навоий вилояти ИИБ ва Конимех туман ИИБ ТТГ ходимлари ҳамда Конимех тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Биринчиси эмас

2021 йилнинг январида Жиззах вилоятида ноқонуний тарзда олтин қазиган 4 нафар фуқарони тош босиб қолганлиги, улардан 2 нафари вафот этганлиги ҳақида хабар берилганди.

2021 йилнинг июнь ойида Навоий вилоятида ноқонуний равишда тилла қумларини қазиб олиш билан шуғулланган тўрт киши «электродвижок»дан чиққан ёқилғи тутунидан заҳарланиб, вафот этганди. Яна уч нафар фуқаро шифохонага ётқизилганди.