2021 йилнинг август ойида Қарши шаҳрида спорт устаси Э. Раҳимов ўлдириб кетилган юзасидан жиноят иши судга оширилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.

6 январь куни Қашқадарё вилоят судида судланувчилар Т. Алиев ва бошқалар — жами 26 шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бошланди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 28, 104 (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 105 (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 109 (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш), 127 (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 28, 137 (Одам ўғрилаш), 169 (Ўғрилик), 210 (Пора олиш), 28, 211 (Пора бериш), 230 (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш), 238 (Ёлғон гувоҳлик бериш), 241−1 (Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш), 28, 277 (Безорилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят суди судьяси Ф. Юсупов раислигида кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 17 августда Қашқадарёда спортчи Элбек Раҳимов ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ўшанда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ва 7 нафар шахс гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, улардан 6 нафари процессуал тартибда ушлангани маълум қилинган.

18 август куни эса спортчининг ўлдирилиши тафсилотлари эълон қилинди. Унга кўра, Элбек ўз уйидан кўчага чиққанида 7 нафар совуқ қуроллар билан қуролланган шахслар уни бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига уриб, Gentra автомашинасига мажбуран миндиришган. Улар жиноий қилмишларини яшириш мақсадида спортчини Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб бориб, ташлаб кетишган. Натижада Элбек Раҳимов шу куни шифохонада вафот этган.

19 август куни Қаршида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Олий суд раиси Козимжон Комилов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокида 31 ёшли спорт мураббийининг ўлдириб кетилиши бўйича матбуот анжумани ўтказилган.

Унда суд тиббиёт экспертиза хулосасига кўра, Элбек Раҳимовнинг ўлимига бош миянинг лат ейиши, бош мия синиши, кўкрак қафаси аъзоларининг шикастланиши ва бошқа аъзоларнинг жиддий шикастланиши сабаб бўлгани айтилганди.

«Бу жанжалнинг бошланиши авввало икки спортчининг илк кураши, спорт мусобақасидан келиб чиққан. Улардан бири ютиб, бири ютқазгани сабаб низо юзага келган. Улар ҳеч кимга мурожаат қилмаган. Ўзларича „разбор“ қилиб олмоқчи бўлган. Албатта, бу жараёнлар масъул ташкилотлар томонидан эътиборга олиниши керак эди. Бу масала ҳам назорат қилинади. Керак бўлса, хизмат текшируви ҳам ўтказилади», — дея изоҳлаганди ички ишлар вазири.

Аввалига, ҳолат юзасидан З.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л, п» бандлари (қасддан одам ўлдириш безорилик оқибатида; бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганда, уч дона темир арматура бўлаги ҳамда пневматик тўппонча ўқи далилий ашё сифатида олинган.

Ўшанда ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов жиноят содир этганларнинг икки нафари вояга етмаган ва жиноят иштирокчиларининг деяли барчаси нотинч оилалар фарзандлари бўлганини маълум қилганди. Уларнинг энг каттаси 29 ёшда, энг кичиги — 16−17 ёшли мактаб ўқувчилари бўлган.

Олий суд раиси Козим Комилов эса мазкур иш бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилишини маълум қилганди.

«Тергов ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким айбдор бўлади, мен билмайман. Лекин уларнинг иши очиқ судда кўрилади ва унда журналисту блогерлар бемалол қатнашиши мумкин бўлади», — деган у.