«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида чет эл олийгоҳларида ўқиётган ёки хорижда таълим олиб, ҳозир ишлаётган ўзбекистонликлар билан суҳбат уюштиради. Бунда уларнинг чет элдаги ҳаёти, нега хорижий таълимни танлаганлиги, уларнинг бошидан ўтган синовлар ҳақида сўз боради. Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Музаффар Ҳамроев.

Музаффар Ҳамроев Қашқадарё вилоятида туғилган. Тошкент темир йўллари муҳандислари институтини битириб, Германиядаги Мюнхен техника университетида магистратура босқичида таълим олган. 2018 йилдан 2021 йилгача Mercedes-Benz компаниясининг Лойиҳалаштириш ва Тадқиқот бўлимида транспорт тадқиқот муҳандиси бўлиб ишлаган. Ҳозирда Европада ягона бўлган Tesla гигазаводида транспорт муҳандиси лавозимида ишлаб келмоқда.

— Ёшлигингиздан то хорижга кетгунингизга қадар бўлган давр ҳақида гапириб берсангиз.

— Мен 1992 йилда Қарши шаҳрида туғилганман. 7-синфгача Қарши шаҳридаги 26-сонли умумтаълим мактабида, ундан кейин Қаршидаги 1-ихтисослаштирилган гимназияда таҳсил олганман. Сўнг шаҳримиздаги иқтисодиёт коллежининг молия йўналишида ўқишни давом эттирганман. 2010 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтида ўқишга кирганман.

3-курсдан 4-курсга ўтган пайтим бакалавриатдаги билим ва кўникма мен ўйлаган даражада етарли бўлмайди, деб ўйлаганман. Шу сабабли магистратурада ўқишни давом эттиришга қарор қилгандим. Аввал ўқиш жойини Ўзбекистондан излаб кўрдим, сўнг, чет элда ўқисам кўпроқ билим ва тажриба орттираман, деб, хорижий университетларни кўриб чиқа бошладим. Стандарт иқтисодчи сифатида таҳлил қилиб, Мюнхен техника университетини энг маъқул деб топганман ва шу ўқишга топширганман. Бунга 2013 йилнинг декабрь ойидан ҳаракатни бошлаганман.

— Ўқишга ҳужжат топшириш жараёнлари қандай бўлган, сиздан нималар талаб этилган эди?

— Мюнхен техника университетининг талаблари қуйидагича бўлган:

  1. Тил билиш тўғрисидаги сертификат. Бунга қўшимча балл берилади.
  2. Энг муҳими баҳолар, яъни, бакалавриат давридаги баҳолар муайян даражадан юқори бўлиши керак. Ҳозир қайси тизимда кетаётганини билмайман-у, лекин, мен ўқиган олдинги тизимда ҳисоблашим бўйича умумий баҳолар даражаси ҳеч бўлмаганда 87,5% дан юқори бўлиши керак эди.
  3. Иншо. Сиз бунда нега айнан шу университетни танлаганингизни ёзишингиз керак бўлади.

Шу 3 та талаб асосида талабалар танлаб олинади. Агар, бу бўйича кўрсаткичлар етарли бўлмаса, яна қўшимча суҳбатлар бўлиши мумкин. Лекин, менинг омадим келиб, суҳбатгача етиб бормаганмиз (кулади). Германия олий ўқув юртларидаги магистратура инглиз тилида ҳам бўлади. Иқтисодиёт, муҳандислик ҳам айнан шулар қаторига киради. Шу сабабли, тил билиш даражаси сертификати инглиз тилида бўлган. Мен ҳам IELTS дан имтиҳон топширганман. (Ўқишдан ҳам C1 даража талаб қилинганди).

Шундан сўнг, улар дунё бўйича 620 та талабадан 35 тани танлаб олишган. Улар орасида мен ҳам бўлганман ва табиийки, мен ҳам буни кутмаган эдим (кулади).

Фото: Музаффар Ҳамроевнинг шахсий архивидан.

— Хорижга кетишдан олдин ўзингизга қўйган мақсадларингиз ўзгармадими?

— Менимча, улар такомиллашди десам бўлади. 1-навбатдаги қўйган режам ўқишни мувафаққиятли тугатиш, кераклича билим олиш, кейин эса шунга мос равишда малакани ошириш учун шу йўналишда ишлаш эди. Ҳозирги даражам ҳам ўша 2014 йилда бўлади, деб ўйламаганман. Ҳаммаси вақт билан келган. У пайтда мана шу ҳолатда ишлаётганим умуман ҳаёлимга келмаган.

— Сиз борган жойнинг купюрасида топган 1-маблағингиз қанча бўлган, уни қайси вазифангиз учун беришганди?

— Биринчи ишлаб топган пулим аниқ эсимда, 80 евро эди. У пайтда биз талаба эдик. Баъзи хусусий ёки тижорий ташкилотлар университет билан шартнома тузган, университет эса бу йўлда муайян тадқиқот ўтказганди. Унда иштирок этган 1,5 кунимиз учун 80 еврони ҳисоб рақамимизга ўтказиб беришган.

— Ўзбекистондан кетганингиздан кейин дунёқарашингиз қай даражада ўзгарди деб ўйлайсиз?

— Менимча, дунёқарашим бойиди, десам бўлади. Ўзбекчилик, ўзбек минталитетига мос қарашлар ўзгармади, шу дунёқараш янада кенгайди. Лекин, барибир Германиядагидан кўра ўзбек таомларининг сифати анча зўр. Бир ҳафта бир марта ош албатта бўлади.

Фото: Музаффар Ҳамроевнинг шахсий Instagram саҳифасидан.

— Германияга борганингиздан кейин қийинчиликлар бўлдими? Энг катта қийинчилик нима эди?

— Мен 2 та қийинчиликни санаб ўта оламан:

  1. Ўқиш давридаги қийинчилик. Мюнхен техника университети жуда талабчан. Яъни, сиз университетни Германия даражасидаги мутахассиси бўлиб етишмагунингизча, муҳандисга айланмагунингизча битиролмайсиз.
  2. Ўқишни битиргандан кейинги қийинчилик. Германиянинг меҳнат бозоридаги ҳолатни қуйидагича таърифлаш мумкин. Соҳавий ишчиларга, ҳунармандларга талаб жуда катта, лекин, мутахассисларга талаб унча катта эмас. Мутахассислар кучли рақобат остида қолиб кетади. Масалан, магистр ёки бакалавр дипломи бор талабалар ишга олинаётган пайтда бир иш ўрни учун камида 20 та одам курашади. Айниқса, иқтисод, сиёсат, кимё-биология, муҳандислик соҳаларида рақобат жуда кучли. Шу сабали, рақобатга тайёр бўлиш керак.

Мен ҳам магистратурани битирганимдан сўнг анча вақт иш излаганман (талабалик вақтимда ҳам айрим ташкилотларда ишлар эдим). Ўзимни катта компанияда ишлашга тайёр деб ҳисоблашим учун, дейлик, 3,5 йиллар вақт кетган.

Яна бир жиҳати Ўзбекистонда талабалар диплом иши учун мавзу қидиради, уларга мавзуларни ўқитувчилар беришади. Бу ерда эса профессорлар мавзу беришга мажбур эмас. Улар ҳам талабалар орасидан чертиб-чертиб танлаб олишади ва мавзу беришади. Талабалар уларнинг кетидан мавзу беришлари учун роса югуришади. Мана шу даврга ҳам анча вақт кетади. Масалан, талабалик даври ҳам менда 2 йил 7 ой давом этган.

— Германиядаги қайси тизим Ўзбекистонда ҳам бўлишини истаган бўлардингиз?

— Менимча, қанчалик ҳазил бўлмасин, талабаларга талабчан бўлиш. Ўқишни мутахассис бўлмагунча битирмаслик.

Фото: Музаффар Ҳамроевнинг шахсий Instagram саҳифасидан

— Транспорт муҳандиси сифатида Германия шаҳарлари кўчаларидаги ҳолат ҳақида нима дея оласиз?

— Биринчи навбатда, Германияда ўртача киши бошига тўғри келадиган автомобиллар сони юқори дейиш мумкин. Автомобиль қатнови жуда кўп. Лекин мутахассис сифатида айтишим мумкин, автомобиллар оқимини бошқариш жуда тартибли. Бир сўз билан айтганда, Тошкент шаҳрида ўртача 600 га яқин светофор бўладиган бўлса, Германиянинг кичкина Штутгарт шаҳрининг ўзида камида 1200 та светофор бор. Бу дегани, чорраҳалардаги автомобиль ҳаракатини бошқариш жуда кучли. Транспорт муҳандисларида шундай принцип борки, йўлларда ҳаракат тезлигини яхшилаш учун светофорларни камайтириш ёки йўлаклар сонини ошириш ҳеч қачон тирбандликни камайтирмайди.

Тирбандликни иккита нарса камайтиради:

  1. яхши бошқарув;
  2. жамоат транспортини кучли ривожлантириш, яъни жамоат транспортининг улушини ошириш;

Масалан Қўшма штатларда фақат автомобилларга мўлжалланган шаҳарларда 99% фақат шахсий автомобиллар юради. Бўлса, 1% жамоат транспортлари қўшилиши мумкин. Германияда бу жиҳат ўзгача. Бу ерда 30−35% жамоат транспорти, ундан ташқари 50% автомобиль, қолгани пиёда ва энг муҳими велосипед ҳаракати бор. Йўллардаги муаммога ечим топиш учун эса уларга комплекс қараш керак.

— Tesla компаниясига ишга киришингиз қандай кечганини айтиб берсангиз.

— Илон Маск Tesla`нинг Европадаги илк гигазаводини қуриш учун бир қанча давлатларни танламоқчи бўлган. Бу учун кўп давлатлар ўзларининг устун жиҳат ва имкониятлари билан чиқишган. Лекин охир-оқибат Илон Маск Берлинни танлаган. Европадаги биринчи Tesla заводини қуриш лойиҳаси учун улар транспорт муҳандисини излашаётганди. Мен буни web-сайтларда кўрганман ва бу имкониятдан унумли фойдаланишга қарор қилганман. Яъни шу заводни лойиҳалаштиришда мен ўз ҳиссамни қўшишни истаганман. Шу сабабли веб-сайтда эълон қилинган вакансиялар учун ариза тўлдирганман. У пайтда пандемия эди, шу сабабли суҳбат онлайн тарзда бўлган. Аксига олиб, мен ўша вақтда коронавирусга чалинган эдим.

Ишга кириш 3 босқичда бўлган:

  1. Кадрлар бўлими билан суҳбатлашасиз, у умумий саволларни беради. Кейин, умумий савол-жавоб орқали шахснинг профилини тузади.
  2. Ундан сўнг, агар сиз бирор бўлимда ишлайдиган бўлсангиз, ўша ердаги жамоа бошлиғи билан интервью бўлади.
  3. Жамоа бошлиғи билан суҳбатдан сўнг бўлим бошлиғи, яъни бошлиғингизнинг бошлиғи билан суҳбат бўлиб ўтади. Унда мутахассисликка оид масалалар бўлади. Ҳар хил савол-жавоблар орқали натижа аниқланади.

Натижада мен Tesla`да фуқаролик иншоотларини қуриш дизайни йўналишидаги лавозимда иш бошлаганман.

— Сиз бунгача ҳам дунёнинг энг таниқли компаниялардан бири, Mercedes-Benz`да ишлагансиз. Нега Tesla`га ўтишга қарор қилдингиз?

— Mercedes-Benz компаниясида менинг соҳам ва йўналишим бўйича бир қанча лойиҳалар бор эди. Мен «Research and development» — изланиш ва тадқиқот бўлимида ишлардим. Бу маълумотлар сир сақланадиган бўлим.

Бизнинг «CEO» миз, яъни, асосий бошлиғимиз алмашганидан сўнг, у ташкилотнинг умумий йўналишини ўзгартирган. Натижада менинг соҳамда долзарб бўлган мавзулар ҳам қисқаришни бошлади. Масалан, мен иш бошлаганимда соҳамга доир лойиҳалар бир йилда 20 тача бўлган бўлса, «CEO» алмашгандан сўнг, бу кўрсаткич 5−6 тага тушиб кетган. Шундан сўнг, Tesla`да пайдо бўлган эълон мен учун катта имконият бўлган. Шуни сабаб қилиб келтира оламан.

— Сиз ҳақингизда ижтимоий тармоқлардан бирор маълумот топиш осон эмас. Бунга қандай қарайсиз?

— Мен кундалик ҳаётим борасида ижтимоий тармоқларда унча фаол эмасман. Бу учун анча вақт керак. Шу сабабли, бунга ҳар доим ҳам улгуролмайман. Бундан ташқари, менимча, мен ҳали катта интервьюларни бериш даражасида бир ишни қойил қилганман деёлмайман. Катта ютуқларга эришсам, шу каби интервьюларни бемалол берсам бўлади. Жумладан, бу ҳам менинг илк интервьюим. Ҳаяжон бор. Ҳатто Илон Маск билан гаплашганимда ҳам бунчалик ҳаяжонланмаган эдим.

— Компанияда қайси вазифани бажарасиз?

— Tesla`даги менинг ишим заводнинг ички инфратузилмасини ташқи инфратузилмага боғлаш. Яъни, транспорт инфратузилмасини лойиҳалаштириш ва Tesla`нинг ички траспорт инфратузилмасини Бранденбург вилоятининг ташқи инфратузилмасига боғлаш.

Бунга автомобиль йўллари, темирйўллар, йўловчи ташиш, юк ташиш, «парковкалар», шунингдек, жамоат транспорти ва йўловчиларнинг ёки пиёдаларнинг завод бўйлаб ҳаракатлари ҳамда велотранспортни киритиш мумкин. Мана шу бутун инфратузилмани лойиҳалаштириш ва такомиллаштириш вазифам ҳисобланади.

Масалан, йўл билан қатнов бир-биридан фарқ қилади. Уни исталганча қуриш мумкин. Лекин, унинг устидаги қатновни ҳисобга олмаса, ундан фойда йўқ. Мисол учун, завод олдига жуда кўп автомобиллар келади. Эрталаб соат 07:45 дан бошлаб жуда кўп транспортлар ҳаракатлана бошлайди. Агар автомобиллар оқимини тўғри йўлга қўймаса, жуда катта тирбандлик ҳосил бўлади. Бу оқимни назорат қилиш ҳисобланади. Йўлни қандай қуриш керак, қанча асфальт қуйиш керак, қанча ўлчам олиш керак, бу эса инфратузилма дейилади. Менинг вазифам мана шу транспорт инфратузилмаси ва транспорт ҳаракатини лойиҳалаштириш.

Бу ерда эрталаб куним эса 1 чашка кофе билан бошланади. Tesla`да ҳозир иш жараёни, қурилиш кетмоқда. Бу ҳолларда сув келмай қолиши ёки ток бўлмай қолиши мумкин. Лекин, кофе машинаси ҳар доим ишлайди. Бу нарса бизда ҳамма учун кун тартибига айланган.

Бундан ташқари, бизда кундалик учрашувлар бўлиб туради. Масалан, қизиқарли маълумотни келтиришим мумкин, немис менталитетидаги ташкилотлар билан америка менталитетидаги ташкилотлар бир-биридан фарқ қилади. Мен аввал немис менталитетидаги ташкилот — Mercedes-Benz`да, ундан сўнг эса Америка менталитетидаги ташкилот — Tesla`да ишлаяпман.

Битта катта фарқли жиҳати шундаки, Tesla`да ҳафтанинг бошида, эрталаб энг катта бошқарувчи (Илон Маскдан бир поғона паст лавозимдаги шахс) мотивацион йиғилиш ўтказади. «Биз бу лойиҳани бажарамиз, биз мана буни амалга оширамиз, қандай муаммо ёки таклифлар бўлса айтинглар ва ҳ.к.» каби фикрлар айтилади. Мен шу пайтгача ишлаган 8 та ташкилотимда бундай воқеаларни кўрмаганман. Ундан кейин муҳандислик йиғилиши бўлади. (Зерикарли йиғилиш бўлади (кулади)). У ерда муҳандислик бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинади. Ундан сўнг яна бир йиғилиш бўлиб ўтади. Унда баъзи лойиҳаларимизни муҳокама қиламиз. Муаммолар кузатилса, қандай ечим бериш, қайси ечим неча пулдан тушиши, хуллас шу каби масалалар кўрилади.

Умуман олиб айтганда, Йиғилиш — Иш жараёни — Йиғилиш — Иш жараёни — Охирида ҳисобот.

Mercedes-Benz Museum. Фото: Музаффар Ҳамроевнинг шахсий Instagram саҳифасидан.

— Илон Маскга тақдимот ўтказгансиз дейишади. Бу қандай бўлиб ўтганди?

— Бу мен учун ҳам қизиқ жараён бўлган. Аслида, Илон Маск муҳандислар билан камдан-кам тўғридан-тўғри учрашув ўтказади. Мен 1 апрелда ишга кирганимдан кейин, май ойида Илон Маск заводга келган эди. Мен бу вақтгача анча иш қилиб қўйган эдим. Чунки, шу пайтгача транспорт инфратузилмасига жавобгар масъул шахс бўлмаган. Шу сабабли, дейлик, айнан шу йўналиш ривожланишида бир қатор турғунликлар бўлган. Жуда кўп чигалликлар, очиқ масалалар бор эди. Мен шу масалаларни йиғиб, ўз потенциал ечимларимни кўрсатиб, 15 слайддан иборат тақдимотимни тайёрлаганман.

Нима десам экан, шу 20 квадрат метрлик йиғилиш хонаси. Стол атрофида 5 киши эдик. Мен, Илон Маск ва бошлиқлар. Мен унда ўз слайдимни тушунтириб берганман. Мана ҳозир транспорт инфратузилмаси қандай ривожланяпти, қандай муаммолар бор, қайси жойда қандай ечимлар бор, хуллас шулар ҳақида гапирганман.

Биз бир жамоа бўлиб ишлаяпмиз. Компания бюджетидан пул ажратилади, Маск эса бу пуллар нимага кетаётганини билиши керак.

Тақдимот ўтказиш менинг шахсий ташаббусим эди. «Бизда шундай муаммолар бўляпти, шуларни кўрсатайлик. Чунки, бу муаммолар эртага анчагина бюджетга таъсир қилади. Маск бунга қандай қарашини билиш керак» деб айтганман. Бошлиғим ҳам бунга тўғри қараган ва Илон Маск 3 кунга келган вақтидаги учрашувлар қаторига мана шу тақдимотни ҳам киритишга рози бўлган. Шу билан суҳбат ҳам бўлиб ўтган.

— Сиз тақдимотда келтириб ўтган масалалар қандай эди, шуни айта оласизми?

— 3 та мавзуни айта оламан.

Булар:

  1. Автомобиль йўллари: ички автомобиль йўлларини ташқи автомобиль йўлларига боғлаш;
  2. Заводнинг ичидаги пиёдалар қатновини (завод ичида жуда кўп юк автомобиллари қатнайди) тўғри лойиҳалаштириш. Агар бир жойда лойиҳада хато кетадиган бўлса, пиёдалар хавфсизлиги даражаси тушиб кетиши мумкин;
  3. Темирйўллар.

— Бунга Илон Маскнинг реакцияси қандай бўлган?

— Мен унинг реакциясидан олдин унинг ўзини бироз таърифламоқчи эдим. Бу ўқувчиларга ҳам қизиқ бўлиши мумкин, ОАВларда кўрсатиладиган Илон Маск билан ҳақиқий ҳаётдаги Маск умуман бир-биридан фарқ қилади. Ҳақиқий Илон Маск ҳақиқий «CEO» — бошлиқ. Унинг гаплари, мулоқоти, бошқаруви ҳақиқий профессионал «CEO»ники. У жуда талабчан, ақлли ва кучли, шунингдек, қаттиққўл ҳам. Уни ОАВ да кўпроқ шоу-бизнесменларга ўхшатиб кўрсатишади. Шахсан мен учун бу фарқ катта янгилик бўлган.

Масалан, мен ўтказган тақдимотда 15 та слайд бўлса, унинг биринчи қисмини, ҳозирги ҳолатни кўрсатаётган пайтимда у менга муаммоларни кўрсатиб, потенциал муаммоларни айтиб берган. Натижада менда кейинги 3 та слайд бекорга кетган (кулади). Чунки, у буни биларкан. Кейин бошқа муаммоларни айтганмиз ва суҳбатни давом эттирганмиз.

— Бу муаммоларга кўрилаётган ечим сизнинг тавсияларингиз асосида кетдими?

— Худди шундай. Чунки, лойиҳада ким жавобгар шахс бўла, унинг ечими билан кетилади. Асосан, 95% ҳолатда транспорт муҳандисининг таклиф қилган ечимлари инобатга олинади. Жавобгар шахсга тўлиқ ишонилади.

— Tesla`да ишлайдиган бошқа ўзбекистонликлар билан танишмисиз? Масалан, олдинроқ ушбу компанияда ишлайдиган Муштарий Шарифова ҳақида ОАВларда ёзилган эди.

— Аслини олганда, Tesla`да яна бир Музаффар исмли ака ҳам бор. Улар Tesla Fremont (Калифорния)да ишлайди. Мен буни қаердан билиб қолганман, менинг e-mail`имга адашиб ёзиб юборишарди. Хабар «Музаффар Ҳалкузиев» номига келар эди. Менга адашиб келган хабар орқали буни билиб қолганман. Менимча, яна излаб кўрилса, яна ўзбеклар чиқиб қолса ҳам керак (кулиб).

Ўзбекистонлик Муштарий билан эса танишмиз. Бизда компаниянинг ички ижтимоий тармоғи ҳам мавжуд, шу орқали ҳозирда ҳам мулоқот қилиб турамиз.

— Агарда сиз Ўзбекистонга қайтиб келсангиз, сизнинг бу соҳадаги тажрибангизни мамлакатда қўллаш қанчалик самара беради, деб ўйлайсиз?

— Менимча бу билан Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини анчагина такомиллаштирса бўлади. Кўп жойларда бу тузилма оптималлаштирилиши мумкин бўлади. Ўз навбатида, транспорт инфратузилмаси яхшиланиши сабабли, транспорт қатнови ҳам янада хавфсизроқ ва унумлироқ бўлади. Агарда менда имконият бўлганида, жамоат траспортларини янада ривожлантирган бўлар эдим.

— Ўзингиз топадиган даромадингизга Tesla сотиб олган бўлармидингиз?

— Ҳа, сотиб олардим. Tesla жуда зўр бренд. Электроавтомобиль. Атроф-муҳитни тоза сақлашга ҳисса қўшади. Ҳозир ўзим ҳам жамоат транспортидан фойдаланаман. Шахсий автомобилим йўқ. Агар эҳтиёж бўлса, албатта, Tesla сотиб оламан.

— Ҳозирги даромадингиз қанча (агар сир бўлмаса)?

— Кўпинча, чет элдагиларнинг буни ошкор қилмасликлари сабаби аслида улар шартномага имзо чеккан бўлади. Унга кўра, даромадни айтиш мумкин эмас. Менинг даромадим эса харажатларимга бемалол етади, шуни айта оламан.

Фото: Музаффар Ҳамроевнинг шахсий архивидан

— Хорижга келганингиздан сўнг нарсаларингизни йиғиштириб, эртага Ўзбекистонга қайтаман дейдиган ҳолатлар бўлганми?

— Ҳар куни бўлади (кулади). Биринчи навбатда, оилам, ширин жиянларимни кўргим келади.

— Хорижга кетишингизга оилангиздагилар қандай қарашди?

— Улар буни тўла қўллаб-қувватлашган. Лекин, «парда ортида» нималар бўлганини билмайман.

— Келажакдаги режаларингиз қандай? Ўзбекистонга қайтасизми?

— Бир жойда тўхтаб қолмасдан яна давом этиш керак, деб ўйлайман. Ўзбекистонга қайтишим эса 2 йилда ноаниқ, 5 йилда эса аниқ, дейишим мумкин (кулиб).

— Ўзбекистондаги қайси тизим сиз ҳозир бўлиб турган ҳудудда ҳам бўлса, яхши бўларди, деб ҳисоблайсиз?

— Яна таълим соҳасига қайтаман. Профессорларнинг маъруза матнларини бермаслиги. Германияда улар мавзу беради, манба беради. Қолгани талабанинг ўзига қолади. Ижтимоий тармоқларда мем бўлиб кетган ҳазиллар ҳам бор: Яъни, дарс давомида «2+2=4» ни ўтган ўқитувчилар имтиҳон вақтида «Дифференциал тенглик билан интегралнинг лимитини ҳисоблаб бер» дейди.

Ўзбекистонда эса мана шу тизим яхши йўлга қўйилган. Яъни, маъруза матнлари, таълим дастури ва имтиҳон бир-бирига мос тушади. Бу ерда эса мана шу жиҳатдан менимча тизим тартибга солиниши керак. Бир тарафдан бу тўғри ҳам бўлиши мумкин. Лекин, бу жуда кўп вақт олади.

— Айни вақтда Ўзбекистондаги тенгдошларингиз, кичик ёшдагилар ва умуман хорижга ўқишга бормоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Аввало аниқ мақсад бўлиши керак. Агарда, магистр учун ўқишга келаётган бўлсангиз, бакалаврдаги натижаларни яхшилаш керак. Бакалаврда олинган билим ва натижалар яхши бўлса, бу ерда давом эттириб кетиш осон бўлади.

Битта бажариш шарт бўлган жиҳат: Кетиш жараёнида жуда кўп ҳужжатбозлик, расмиятчилик бўлади. Шунга кучли изчиллик билан амал қилиш керак.
Битта воз кечиш керак бўлган жиҳат: Яқинларнинг табассуми.

Фото: Музаффар Ҳамроевнинг шахсий Instagram саҳифасидан

Қисқа савол-жавоблар

— Эрта туришга қийналасизми?

— Йўқ, одатда «будильник"сиз ҳам эрта уйғонавераман.

— Нимадан афсусланасиз?

— Ўқиш вақтида йўқотилган вақтлардан. Ўша вақтларда ундан бошқача фойдаланса ҳам бўларди.

— Хорижда сизни нима тушкунликка тушириб қўйган?

— Ҳозиргача тушириб қўяди. Бу — об-ҳаво. Қуёшли кунлар кам.

— 10 йил ортга қайтиш имконияти бўлса, қайси хатойингизни такрорламаган бўлардингиз?

— Буни айтиш қийин бўлса керак.

— 5 йилдан сўнг Музаффар Ҳамроев ўзини қаерда кўради?

— Ўз оиласи билан бирга бўлган ҳолатда.

— Агарда тилла балиқ тутиб олсангиз, ундан Ўзбекистон учун нима сўраган бўлар эдингиз?

— 34 миллион аҳоли учун БАХТ.

— Ўз мақсадларингизнинг қанча қисмига эришдим, деб ўйлайсиз? 1 дан 10 гача.

— Одам ҳар куни ўз олдига мақсад қўяди ва бу ўзгариб бораверади. Лекин, аксар қисмига эришганман деб ўйлайман. Ярмидан кўпи бажарилган дейиш, мумкин.

Муштарий Оқбоева суҳбатлашди.