Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Суҳбатда икки давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятнинг ривожланиши, республикадаги ҳолатни барқарорлаштириш, тез фурсатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон етакчиси Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида суюлтирилган газ нархи оширилганидан сўнг бошланган намойишлар Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан пойтахт Нур-Султон шаҳрига ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқала бошлади.

4 январь куни Мангистау вилоятида нархлар пасайтирилганлиги эълон қилинди, бироқ бу намойишларни тўхтатмади. Намойишчилар ижтимоий-иқтисодий талаблардан сиёсий талабларга ўтишди. Чоршанбага ўтар кечаси намойишчилар Олмаота кўчаларида юриш қилишди, полиция нурли ва шовқинли гранаталардан фойдаланди.

5 январь куни эрталаб Олмаота шаҳри раҳбари Бакитжан Сагинтаев шаҳар аҳолисига мурожаат билан чиқди, дея хабар беради Vlast.kz. У экстремистик ҳаракатлар ва мамлакатда дестабилизация қилишга уринган ички ва ташқи кучларни айблаб, шаҳардаги вазият ҳақида маълум қилди.

Воқеалар ривожида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги тартибсизликларни халқаро террористик агрессив ҳаракат деб атади ва КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларидан ёрдам сўради. У аксилтеррор операция бошланганини маълум қилди ва Олмаотада аэропорт қўлга олинганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, шаҳар яқинида Мудофаа вазирлигининг ҳаво-десант бўлинмалари билан жанг кетмоқда.

Шундан сўнг, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши Қозоғистон президенти мурожаатидан сўнг, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида «Коллектив тинчликпарвар кучларни вақтинчалик миссия билан юборишга» қарор қилди.