2021/2022 ўқув йилининг олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Таъкидланишича, 10−24 январь кунлари молиявий мустақилликка эришган ҳамда кредит-модул тизимига ўтган барча ОТМлар раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари учун семинар-тренинглар олиб борилади. Шундан келиб чиқиб, Таътил муддати иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида узайтирилган.

«Бу жараёнга олий таълим муассасалари ҳузуридаги барча профессионал таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар раҳбарлари ҳам жалб этилади», — дейилади хабарда.

Талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50% миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 24 январига қадар узайтирилди. 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.

Мазкур масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида ОТМ вазирлигида Махсус штаб ташкил этилган бўлиб, барча ташкилий масалалар юзасидан — 10−06, 71−246−97−45, 71−246−28−63 — ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкин.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, ўз навбатида, қишки таътил даврида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида олий таълим муассасалари ректорлари ҳамкорлигида онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал викторинлар ташкил этилади.