Жиззах вилоятида фуқарони пичоқлаб ўлдириб, воқеа жойидан қочиб кетган шахсни ушлашда ёрдам берган талаба йигит тақдирланди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 19 апрель куни вилоятнинг Зарбдор тумани Оқбулоқ маҳалласидаги хонадонда эркак бир фуқарони келишмовчилик туфайли пичоқлаган ва воқеа жойидан яширинган. Жабрланувчи кўп ўтмай шифохонада вафот этган.

Шундан сўнг ички ишлар органлари гумонланувчини топиш бўйича тадбир олиб борган. Хусусан, жараёнда эркак турмуш ўртоғига қўнғироқ қилгани аниқланган, ходимлар гумонланувчини ИИОга келишга ундаш мақсадида ўша рақам билан боғланган. Аммо қўнғироққа бир йигит жавоб қайтарган.

«Кўчада кетаётганимда бир фуқаро мендан телефонимдан фойдаланиб олишини сўради. Турмуш ўртоғига телефон қилиб, жиноят содир этганини айтди, жабрланган шахснинг аҳволи ҳақида сўради. Ундан сўнг 10 дақиқалар ўтгач Жиззах вилояти ИИБ ходимлари менга телефон қилиб, ўша одам жиноят содир этгани ва унинг изидан кузатишимни сўрашди. Изидан кузатиб бордим ва Тошкент шаҳри ИИО ходимлари ёрдамида жиноятчини ушладик», — деди Давлат жаҳон тиллари университетининг 2-босқич талабаси Мирзабек Элмуродов.

Йигит олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари иштирокидаги йиғилишда Жиззах вилояти ИИБ томонидан эсдалик қўл соати, 5 миллион сўм пул ва ота-онаси номига ташаккурнома билан тақдирланди. Гумонланувчини қўлга олишда иштирок этган Шайхонтоҳур тумани ИИБнинг 4 нафар ходимига ҳам эсдалик совғалари топширилди.