Самарқандлик тадбиркорнинг аукцион орқали сотиб олган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарё вилоятидан чиқарилмаётгани ҳолати юзасидан Бизнес-омбудсман ўрганиш ва ишга оид зарур маълумотларни тўплаш бошланганини маълум қилди.

Хусусан, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва ИИБга сўров хатлари киритилган.

«Шу билан бирга, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Бизнес-омбудсман томонидан 05.01.2022 йилда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли тартибда чора кўриш бўйича огоҳлантирилди», — дейилади хабарда.

Бизнес-омбудсман ўрганиш ишлари якуни бўйича хабар берилишини қўшимча қилган.

Аввалроқ, Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилганди. Унинг сўзларига кўра, самарқандлик тарбиркор аукцион орқали сотиб олган 100 тонна чигитни чегарадан ЙПХ инспекторлари ўтказмаган. Гавҳар Алимова вилоят ҳокими масалани ҳал қилишга бўлган уринишлари зое кетганини маълум қилди.

Мазкур ҳолатга Қашқадарё вилояти ҳокимияти Самарқанд вилоятига олиб кетилаётган чигит маҳсулотлари ортилган учта юк машинаси тегишли ҳужжатлари бўлмаганлиги учун тўхтатиб қолингани ҳақида баёнот эълон қилганди.

«Marokand Gold Oil Extraction олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура бўлмаганлиги ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилганлиги сабабли 3 та юк транспорт воситаларидаги чигит маҳсулотлари қонуний равишда вақтинча сақловга олинган», — дейилганди Қашқадарё ҳокимлиги хабарида.

Kun.uz`нинг ёзишича, Marokand Gold Oil Extraction МЧЖга қарашли 100 тонна юк Чироқчи туманидаги «Умакай» постида очиқ осмон остида сақланмоқда.

Компания бош ҳисобчиси Умиджон Тоировнинг нашрга маълум қилишича, мазкур ҳолатда корхона экспедиторидан ҳеч қанақа ҳужжатлар сўралмаган. ИИБ вакили, шунчаки, вилоятдан чигит чиқарилмаслигини айтган.

Шундан сўнг, корхона мутасаддилари постга етиб бориб, маҳсулотни вилоят ҳудудидан чиқармаслик бўйича ёзма ҳужжат талаб қилган. ИИБ вакили бундай ҳужжатни тақдим қила олмаган, «вилоят раҳбарларининг топшириғи», деб туриб олгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz.

29 декабр куни корхона раҳбарлари ҳокимликка бориб, вилоят ҳокими билан учрашишнинг иложини қилиша олмагач, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Алимовадан ёрдам сўраган. Гавҳар Алимованинг ҳам уринишлари зое кетган.

3 январ куни кечқурун Умиджон Тоиров Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев билан учрашганини айтмоқда. Нодир Эркаев тадбиркор билан суҳбатда ИИБга ҳокимлик томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаганини билдирган.

«ИИБ ҳокимлик топшириғи деса, ҳокимлик биз топшириқ бермаганмиз деса, кимга ишонишни ҳам билмай қолдик», — дейди Умиджон Тоиров.

Шу куни вилоят ҳокимлигида Эркин Тўхтаев деган киши ҳам ўзини масъулман деб таништирган ва Тоировга «Ҳужжатларимизда камчилик бор экан, тўғриладик», деб тушунтириш хати ёзиб беришни сўраган. Нарш маълумотларига кўра, Эркин Тўхтаев — Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ахборот сиёсати бўйича доимий комиссия раиси ҳисобланади.


Фото: Kun.uz.

Marokand Gold Oil Extraction бош ҳисобчиси Умиджон Тоиров ҳужжатларда муаммо йўқлигига ишонтирмоқда. «Бизни ИИБ ҳужжатларимиздаги камчилик сабаб тўхтатган бўлса, нега маҳсулотларимиз ортилган юк машиналари очиқда сақланяпти, жарима майдончасида эмас. Қолаверса, юкни олиб кетиш билан боғлиқ барча ҳужжатларимизни ИИБга тақдим қилганмиз», — деди у.

Бухгалтер очиқ ҳавода етти кундан бери сақлаб турилган қарийб юз тонна маҳсулотнинг бугунги ҳолатидан ташвишда эканини билдирган.

Биринчи марта эмас

2020 йилнинг ноябрида Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг оғзаки кўрсатмасига биноан постлардаги йўл патрул хизмати томонидан пахта чигитини бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб ўтишни тақиқланганди. Антимонополия қўмитасининг аралашувидан сўнг, тақиқлар олиб ташланган эди.

Бунга қадар, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев 4 январгача барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланганига қарамасдан, январь бошидан вилоятдаги ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани ҳақида ёзгандик. «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда. Нодир Эркаев 3 январь куни ҳоким ёрдамчилари билан Қамаши туманидаги маҳаллаларга ҳам борган.