Ўзбекистон Қозоғистондаги Элчихонаси ва Бош консулхоналари ушбу мамлакат ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан талабалар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмий баёнотни эълон қилди.

«Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда фаолият юритмоқда. Зарур ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ТИВ Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилиниши муносабати билан мазкур мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан жорий этилган вақтинчалик чекловларга риоя қилишларини сўраган.

Зарурат туғилганда, ватандошлар исталган вақтда Ўзбекистоннинг Нур-Султон (телефон: +7 771 020 36 73), Олмаота (телефон: +7 777 950 44 33) ва Ақтау (телефон: +7 777 599 00 51) шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.