Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини қайта тиклашни режалаштирмаяпти, деб «Газета.uz»га Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Коронавирус пандемияси таъсири доирасида Россияга газ экспортини тўлиқ тўхтатиш ҳамда Хитойга етказиб беришни уч баробар қисқартириш 2020 йилнинг июлидаёқ маълум қилинганди.

«Ҳозирги вақтда Россияга газ экспорти амалга оширилмаяпти ва 2022 йил учун режаларда ҳам йўқ», — дея қайд этишди вазирликда.

2018 йилда Ўзбекистон «Газпром»га 3,8 млрд кубометр газ етказиб берди, 2019 йилда эса таъминотни 4,9 млрд кубометргача кўпайтирди. 2020 йилга келиб эса газ етказиб беришни тўхтатди.

Бундан ташқари, «Газпром» 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистонга туркман газини етказиб беришни бошлади: 2020 йилда 0,9 млрд кубометр етказилган, ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг биринчи чорагида эса — 1,5 млрд кубни ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда бош вазир Абдулла Арипов табиий газни экспорт қилишни тўхтатилишини маълум қилганди. Ҳукумат раҳбари 2025 йилга бориб табиий газни қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чоралари кўрилишини билдирганди.

Ҳозир Ўзбекистондан газ экспортининг деярли барчаси Хитой ҳиссасига тўғри келади. «Интерфакс» ХХР божхона маълумотларига таяниб, 2020 йилда 3,277 млрд кубометр газ экспорт қилинган, бу кўрсаткич 2021 йилнинг 10 ойида ярмидан кўпроққа ошиб — 4,02 млрд кубометрни ташкил этган.

Давлат статистика маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 11 ойида экспорт ҳажми 684,8 млн долларни (ноябрнинг ўзида — 88 млн доллар) ташкил қилган, бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 48,1 фоизга кўп.