Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни ривожлантириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2022−2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида келтириб ўтилган.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларни яратиш «фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга» қаратилган, дея келтирилган лойиҳада.

Миллий коммуникация платформаларини ривожлантириш учун 2022 йил декабргача соҳанинг «етакчи мутахассислари ва йирик тадбиркорлари»ни жалб этиш, шунингдек, платформаларни маълумотларни узатиш ва қайта ишлаш бўйича замонавий талабларга жавоб берадиган дастурий-техник воситалар билан жиҳозлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ноябрь ойигача АКТ соҳасида миллий маҳсулотни яратиш тизимини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Дастурий маҳсулот яратиш, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясини кенгайтириш учун солиқ имтиёзлари таклиф этилмоқда.

2016 йил баҳорида Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ Davra.uz ишга тушган эди. У Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида UZINFOCOM маркази томонидан ишлаб чиқилганди. Бугунги кунга қадар у ерда атиги 22 мингдан сал кўпроқ одам рўйхатга олинган.

Президентнинг 2018 йил 13 декабрдаги қарори билан давлат мобил алоқаси ва «криптографик ҳимояланган биринчи миллий UzChat мессенжери»ни жорий этиш вазифаси белгиланган эди.