6 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбатда президентлар Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар, шунингдек, минтақадаги вазият, шу жумладан қўшни Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашди.

Икки давлат етакчилари ҳозирги воқеаларнинг иштирокчиси бўлган томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирдилар, дейилади хабарда.

Мамлакатлар раҳбарлари минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бундан буён ҳам биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қаратишга тайёр эканликларини таъкидлади.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан мулоқотда мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.