Самарқанд вилоятида фуқаро ўзаро келишмовчилик сабаб қўлидаги темир болта билан қўшнисининг бош ва бўйин соҳасига икки марта уриб, ўлдириб қўйгани айтилмоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, воқеа 31 декабрь куни Ургут туманида жойлашган «Деҳқонобод деҳқон бозори» яқинида, 1992 йилда туғилган фуқаро томонидан содир этилган.

«Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, жабрланувчи 3 январь куни вафот этган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда гумонланувчи процессуал тартибда ушлангани айтилмоқда.