Депутат Феруза Бабашева атрофида нималар содир бўлмоқда?

9 ноябрь куни прокуратура маҳаллий депутат Феруза Бабашевани «Агробанк» бошқарма бошлиғининг аризаси туфайли дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида тақдимнома киритди. Бир неча кундан сўнг ижтимоий тармоқларда октябрь ойи бошида тасвирга олинган ва депутатнинг эркак киши билан тўшакдаги ҳолати акс этган тасвирлар пайдо бўлди. Феруза Бабашева вилоят ИИББ ходимларини таҳдид қилиш ва босим уюштиришда айблади. Жамоатчилик депутатни ҳимоя қилиб чиқди. ХДП шахсий ҳаётга аралашишга йўл қўйиб бўлмаслигини эслатди.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт» ни алмаштириш муддати узайтирилди

Ҳукумат эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва рўйхатга олиш гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддатини 2022 йил охиригача узайтирди. Унинг муддати ҳайдовчилик гувоҳномаси ва рўйхатга олиш гувоҳномаси берилган йилга боғлиқ. Агар улар 2010 йилгача берилган бўлса, 31 мартгача алмаштирилиши керак.

Тошкентда биринчи инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади

23 ноябрь куни Тошкентда биринчи инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади. Тадбиркорлар ҳамда экспертлар бизнес ва тадбиркорликда инклюзив меҳнат амалиётини муваффақиятли жорий этиш, тўсиқларсиз меҳнат муҳити одамларнинг, компания ва жамиятнинг муваффақиятига таъсири ва бошқа мавзуларни муҳокама қилади.

Муротжон Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими в.б. этиб тайинланди

Зойир Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Муротжон Азимов вилоят ҳокими в.б. этиб тайинланди. Зойир Мирзаев бошқа вилоятига ҳоким этиб тайинланиши кутилмоқда.

Андижон ва Жиззах нефть базалари собиқ раҳбарларига оид жиноят иши судга оширилди

Андижон нефть базасида 24,3 млрд сўм, Жиззах нефть базасида эса 35 млрд сўмдан ортиқ дебитор қарздорлик, қолаверса, ишдан бўшатилган шахсларга ойлик тўлаш, мукофот пуллари ва компенсациялар ноўрин ҳисоблангани аниқланган эди. Жамиятлар раҳбарлари ишдан олиниб, жиноят иши очилганди. Бош прокуратура ҳужжатлар судга юборилганини маълум қилди.

Тошкентдан Истанбулга рейс бир суткадан кўпроқ вақтга кечиктирилди

Turkish Airlines`нинг Тошкентдан Истанбулга чоршанба куни парвози об-ҳаво шароити туфайли 5 соатга кечиктирилди. Сўнг экипаж смена тугаши сабабли парвозни бекор қилди. Самолёт пайшанба куни соат 9:00 да парвозни амалга ошириши керак эди, бироқ бир оиланинг учишдан бош тортгани сабабли рейс яна 2 соатга кечиктирилди.

Ҳукумат ва ЮНИСЕФ васийлик тизимини ислоҳ қилишни муҳокама қилмоқда

ЮНИCЕФнинг минтақавий директори Афшан Хан мамлакатда болалар ҳуқуқларини амалга оширишнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистонга бир ҳафтага ташриф буюрди. Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбатида у меҳрибонлик уйларини ёпишни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Тошкент вилоятида эмланишдан бош тортган 3,2 мингдан ортиқ ходим ишдан четлатилди

Тошкент вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари ва бюджет ташкилотларида эмланишдан бош тортган жами 3229 нафар ходим ишдан четлатилди, 374 нафари эса жаримага тортилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар тайинланди

Улуғбек Узоқов Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимвонинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Зойир Мирзаев вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Чирчиқда зирҳли автомобиль ва ҳарбий техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди (фото)

Чирчиқ шаҳрида зирҳланган автомашиналар, седан, автобуслар, тиббий ёрдам машиналари, қолаверса, зирҳли ҳарбий машиналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳарбий-саноат компанияси ҳукумат қўшинлари, халқаро қутқарув ва хавфсизлик ташкилотлари ҳамда юқори мартабали мижозлар учун зирҳли техника ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

Газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти жадвали эълон қилинди

Ўзбекистон бўйлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларида хизмат кўрсатиш графигига вақтинчалик чеклов ўрнатилди. Ҳудудлар кесимида шохобчаларнинг ишлаш вақти (жадвал).

Даврон Хидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими этиб тайинланди

Тошкент вилояти собиқ ҳокими Даврон Хидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими этиб тайинланди.

Аёлига зўравонлик қилаётганларга нисбатан кўрилаётган чоралар етарли эмас — Танзила Нарбаева

Сенат раиси Танзила Нарбаева таъкидлашича, аёлига зўравонлик қилаётган шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар қонунчиликда белгиланганига қарамай етарли эмас. Унинг сўзларига кўра, ёрдамга муҳтож аёлларни «Аёллар дафтари»га киритиб, уй-жой масаласи, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш чорасини кўриш лозим.

Ироқ, Афғонистон ва бошқа бир қатор давлатлар фуқароларининг Ўзбекистон орқали Беларусга ҳаво транзити вақтинча чекланди

17 ноябрдан Ироқ, Сурия, Афғонистон, Яман, Ливан ва Ливия фуқароларининг Ўзбекистон орқали Беларусга авиатранзити вақтинча чекланди.

Давлат божхона қўмитасига янги раис тайинланди

Акмалхўжа Мавлонов Давлат божхона қўмитаси раиси этиб тайинланди. Аввалроқ собиқ раис Муротжон Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланганди.

«Газета.uz»да чиққан фотоматериаллар:

Фото: «Ёввойи табиатнинг комик сурати 2021» ғолиблари

Ҳар йили ўтказиладиган ёввойи ҳайвонларнинг кулгили ҳолатлари акс этган фотосуратлар танлови натижалари эълон қилинди. «Халқ танлови» мукофоти бошига барг урилган каптар суратига берилди. Бошқа ғолиблар фотосуратларини тақдим этамиз.