Бугун, 18-ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Йиғилишда президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов президент фармони билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди.

Унга кўра, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов лавозимидан озод этилди.

Айни пайтга қадар Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Даврон Ҳидоятов март ойидан бошлаб Тошкент вилояти ҳокими сифатида ишлаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Зойир Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўрнига Муротжон Азимов вилоят ҳокими в.б. этиб тайинланди.