Даврон Хидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Аввалроқ Тошкент вилояти собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўрнига Зойир Мирзаев вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 йил) ва Ўзбекистон банк-молия академияси (2001) битирувчиси. 1996−2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида, 2004−2005 йилларда «Осиё-Инвест Банк» (Москва) бошқаруви раиси лавозимида, 2005−2009 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида ишлаган.

2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида хизмат қилган.

2014−2017 йилларда Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси раиси, 2017−2018 йилларда Чилонзор тумани ҳокими, 2018−2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Даврон Ҳидоятов март ойидан бошлаб Тошкент вилояти ҳокими лавозимида ишлаётган эди.