17 ноябрдан Ўзбекистон ҳудуди орқали Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон фуқаролари — транзит йўловчиларнинг Беларусь Республикаси ҳудудига киришига ҳамда уларга авиачипталар сотилишига вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган резидент авиакомпаниялар томонидан мазкур давлатлар фуқаролари — транзит йўловчиларга сотилган авиачипталар аниқланган тақдирда, ушбу йўловчиларга чипта пули белгиланган тартибда жарима қўлламаган ҳолда қайтарилиши лозим.

Мазкур чекловлар Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон давлатларининг дипломатик паспорт ёки Беларусь Республикасида доимий яшаш учун берилган яшаш гувоҳномасига эга фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Европа Иттифоқи мамлакатларига етиб бориш ниятида бўлган 2000 га яқин Яқин Шарқ ва афғонистонлик қочқинлар Беларус ва Польша чегарасида тўпланган эди. Бугун Ироқ юборган самолёт уйига қайтишни истаган элликка яқин муҳожирни Бағдодга олиб кетди.